ИШОН, АММО ТЕКШИР
Ўзбекистоннинг Хитойдан J-10CE қирувчи самолётларини сотиб олиши Марказий Осиёдаги геосиёсий мувозанатни ўзгартирмоқда. Бу қарор Россиянинг норозилиги ва Хитойга эҳтимолий ҳарбий-техник қарамлик хавфлари билан боғлиқ таҳлил этилади.
Ўзбекистон расмий телеканаллари мамлакат ҳарбий авиация арсенали Хитойнинг J-10CE қирувчи самолётлари билан янгиланаётгани ҳақида фахр билан хабар бермоқда. Россиялик ҳарбий таҳлилчилардан бирига кўра, «Ўзбекистоннинг Хитой J-10CE қирувчи самолётларини сотиб олиш қарори Россия томонидан очиқ хиёнат сифатида қабул қилинди».
Россия Украинадаги ноқонуний уруши билан тўлиқ банд бўлиб турган бир пайтда, Хитой Марказий Осиёда анъанавий равишда Россияга тегишли бўлган ва Москва ҳукмронлик қилиб келган соҳаларга – ҳарбий-хавфсизлик техникаси ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишига тобора чуқурроқ кириб бормоқда.
Аввалги таҳлилий ҳисоботларимизда башорат қилинганидек, Хитой Россияни Марказий Осиёдан сиқиб чиқариш учун нафақат ҳарбий ва фуқаролик технологияларини етказиб бериш, балки катта миқдордаги инсон ресурсларини Хитойга жалб қилиш ва ўқитиш бўйича ҳам қатъий чоралар кўрмоқда.
Бугунги кунга қадар Марказий Осиё давлатларидаги ҳарбийлар, разведка ва хавфсизлик хизматлари, шунингдек технократик-бюрократик тузилмалар вакилларининг 90 фоиздан ортиғи Россияда таълим олган ёки у ерда малакасини оширган. Бу тенденция Россияга Марказий Осиёдаги режимлар устидан доимий таъсирини сақлаб туриш имконини берган.
Хитой эса Россиянинг ўрнини эгаллаб, Марказий Осиё учун нафақат иқтисодий, балки сиёсий, ҳарбий, хавфсизлик, разведка ва технологик жиҳатдан ҳам янги тортишиш марказига айланишни истамоқда.
Хитойлик эксперт Чжанга кўра:
«Ўзбекистоннинг J-10CEни танлаши тўрт асосий омил билан изоҳланиши мумкин. Биринчидан, эскириб бораётган ҳарбий-ҳаво кучлари техникасини тезда алмаштириш зарурати мавжуд. Иккинчидан, J-10CE нарх ва самарадорлик нисбати бўйича жуда манфаатли: у имкониятлари ўхшаш бўлган Ғарб қирувчи самолётларига нисбатан арзонроқ.
Унинг жанговар самарадорлиги ҳам амалда синовдан ўтган, хусусан Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳаво тўқнашувларида яхши натижалар кўрсатган.
Тўртинчидан, J-10CE мавжуд тизимлар билан яхши интеграциялашади. Ўзбекистон аллақачон Хитойда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига, жумладан HQ-9Bга эга. J-10CEни жорий қилиш ушбу тизимлар билан маълумот алмашиш тармоғини бирлаштириш, қирувчи авиация ва ҳаво мудофаасининг ягона тизимда ишлашини таъминлаш ҳамда келажакдаги интеграция харажатларини камайтириш имконини беради».
Бироқ Ўзбекистон эътибордан четда қолдираётган жиҳат шундаки, мамлакат Хитой қирувчи самолётлари ва ҳаво мудофаа тизимларидан самарали ва мустақил фойдаланиш масаласида Хитойга мутлақ даражада қарам бўлиб қолиши мумкин. Бунда гап Марказий Осиёга нисбатан географик ва ҳудудий даъволар билдириб келган йирик давлат ҳақида кетмоқда.
Аниқроқ айтганда, ҳақиқий жанговар вазиятда ушбу қирувчи самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимлари қайси объектни душман нишони сифатида тан олиши Ўзбекистон эмас, балки Пекин томонидан белгиланиши мумкин.
Хитой Ўзбекистон учун энг танг вазиятда ўз геосиёсий, сиёсий, хавфсизлик ва бошқа мақсадларини илгари суриш учун ушбу ҳарбий техникадаги «душманни аниқлаш» функциясини оддийгина «ўчириб қўйиши» мумкин…
Бу ўринда Туркия билан боғлиқ бир ҳолатни эслаш ўринли.
Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия ҳаво ҳудуди Исроил ҳарбий самолётлари томонидан мунтазам бузиб келингани сабаб Россиянинг С-400 тизимини сотиб олишга қарор қилган эди.
Туркия тасарруфидаги АҚШда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар ҳам, Америка ҳаво мудофаа тизимлари ҳам Исроил самолётларини душман нишони сифатида тан олмаган. Бу, даъволарга кўра, исроилликларнинг илтимосига биноан америкаликлар мазкур қирувчи самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимларидаги «душманни аниқлаш» функциясини «ўчириб қўйгани» билан боғлиқ бўлган.
Россиянинг С-400 тизими ўрнатилганидан кейингина Исроил самолётлари Туркия ҳаво ҳудудини бузишни тўхтатган.
Албатта, Ўзбекистон ўз ҳарбий техника манбаларини диверсификация қилиши, замонавийроқ ва нисбатан арзон қурол-яроғларни харид қилиши зарур.
Бироқ бу жараён стратегик заифликлар ҳисобига амалга оширилмаслиги керак. Чунки бундай заифликлар ҳал қилувчи вазиятда Ўзбекистоннинг халқаро тизимда мустақил ва суверен давлат сифатида мавжудлигига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг