1 октябрдан Олмаота – Тошкент халқаро поезд йўналишида «Аёллар вагони» хизмати жорий этилади. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл қатновида йўловчилар учун қулайлик ва хавфсизликни оширишга қаратилган янги хизмат турларидан бири ҳисобланади.

Мазкур қарор, аввало, ушбу йўналишга бўлган талабнинг юқорилиги ва йўловчилар оқимининг ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда. Ҳозирда Олмаота-Тошкент поезди ҳар куни қатнайди. Янги вагоннинг қўшилиши халқаро темир йўл қатновида йўловчилар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

«Аёллар вагони»да чипталар фақат аёллар учун сотилади. Вагонда йўловчиларга аёл кузатувчилар хизмат кўрсатади. Шу билан бирга, катта ёшдаги аёллар ҳамроҳлигида 7 ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ҳам ушбу вагонда ҳаракатланишига рухсат берилади.

Бундай ёндашув, айниқса, узоқ масофага сафар қилаётган аёллар учун психологик жиҳатдан қулай ва хотиржам муҳит яратиши мумкин. Шунингдек, халқаро поездларда йўловчилар оқими юқори бўлган шароитда алоҳида вагон ташкил этилиши хизматларни йўловчилар эҳтиёжига мослаштириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли.

«Аёллар вагони» хизмати Қозоғистоннинг ички темир йўл йўналишларида ҳам йўловчилар орасида талабгир ҳисобланади. Компания маълумотларига кўра, хизмат жорий этилганидан буён ундан 946 минг нафардан ортиқ йўловчи фойдаланган. Олмаота – Тошкент йўналишининг ҳам ушбу тизимга қўшилиши мазкур хизматга бўлган талаб халқаро қатновларда ҳам мавжудлигини кўрсатади.

Айни пайтда поезд Алмати станциясидан соат 19:05 да жўнаб, Тошкентга 12:53 да етиб келади. Тошкентдан эса 14:41 да йўлга чиқиб, Алматига 08:51 да етиб боради. Чипталар поезд жўнашидан 45 кун олдин сотувга чиқарилади.

Умуман, «Аёллар вагони»нинг жорий этилиши темир йўл транспортида йўловчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олиш, сафар давомида қулайликни таъминлаш ва хизматлар турини кенгайтириш борасидаги амалий қадам сифатида баҳоланиши мумкин. Янги хизматнинг халқаро йўналишда ҳам йўлга қўйилиши эса Қозоғистон – Ўзбекистон ўртасидаги йўловчи ташувларига бўлган талаб барқарор эканини кўрсатувчи омиллардан биридир.