ҲУҚУҚБОН ДХХ РАИСИГА АБРОР МУХТОР АЛИЙ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛДИ
Учкўприклик фаол Йўлчибой Исмоилов ДХХ раисига очиқ мурожаат йўллаб, “Аброр Мухтор Алий” номи билан танилган Аброр Абдуазимовнинг Телеграмдаги диний чиқишларига ҳуқуқий баҳо беришни сўради. Мурожаатда виртуал “судхона” муҳокамалари ва ижтимоий босим хавфи тилга олинган.
Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи жамоатчилик назорати фаоли Йўлчибой Исмоилов Давлат хавфсизлик хизмати раисига очиқ мурожаат билан чиқиб, ижтимоий тармоқларда “Аброр Мухтор Алий” номи билан танилган фуқаро Аброр Абдуазимовнинг фаолияти юзасидан ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
Мурожаатда асосий эътибор унинг Telegram’даги “Эркин эътиқод” гуруҳидаги чиқишлари, овозли суҳбатлари ва диний мазмундаги баёнотларига қаратилган. Муаллифнинг фикрича, бу чиқишлар давлат ва жамият хавфсизлиги, қонун устуворлиги ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ўрганилиши лозим.
Йўлчибой Исмоилов биринчи навбатда диний мазмундаги материаллар экспертизаси масаласини кўтарган. Унинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда мунтазам тарқатилаётган диний баёнотлар тегишли ваколатли идоралар томонидан ўрганилган-ўрганилмагани жамоатчилик учун очиқ савол бўлиб қолмоқда.
Мурожаат муаллифи, шунингдек, Telegram овозли чатларидаги айрим муҳокамалар “маданий суҳбат” доирасидан чиқиб, амалда “виртуал судхона” ёки жамоавий босим майдонига айланиб бораётганини иддао қилган. У бундай муҳокамаларда алоҳида шахслар ҳаёти, насаби ёки шахсий қарашлари нишонга олиниши, бу эса жамиятда зиддият ва нафрат муҳитини кучайтириши мумкинлигини билдирган.
Мурожаатда “домламиз айтди”, “домлага осилма”, “уломага қарши чиқма” каби даъватлар орқали айрим фуқароларга нисбатан ижтимоий босим шакллантирилаётгани ҳақида ҳам сўз боради. Муаллифнинг фикрича, қонуний ҳуқуқини талаб қилган шахсларни оммавий тарзда камситиш ёки таҳқирлаш сўз эркинлиги ва диний мулоқот доирасидан ташқари ҳолат сифатида баҳоланиши керак.
Йўлчибой Исмоилов ваколатли органлардан мазкур чиқишлар бўйича комплекс экспертиза ўтказишни сўраган. У, хусусан, диншунослик, лингвистик, психологик ва юридик соҳа мутахассислари иштирокида материаллар ўрганилиши, нутқларда давлат тузумига қарши даъват, конфессиялараро адоват қўзғатиш ёки фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш элементлари бор-йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилмоқда.
“Қонун ҳамма учун баробар бўлиши — Янги Ўзбекистоннинг энг олий мақсадидир. Сўз эркинлиги диний ва ижтимоий ниқоб остида бошқа фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташ воситасига айланмаслиги шарт”, — дейилади мурожаатда.
Ҳозирча мазкур мурожаат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати, Дин ишлари бўйича қўмита ёки бошқа ваколатли идоралар томонидан расмий муносабат билдирилгани маълум эмас. Шунингдек, мурожаатда номи тилга олинган Аброр Абдуазимовнинг бу даъволарга муносабати ҳам очиқ манбаларда эълон қилинмаган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги чиқишлар, жамоатчилик муҳокамалари, шахсий дахлсизлик ва қонун устуворлиги ўртасидаги чегара қаердан ўтиши ҳақида яна бир бор жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг