БУХОРО ТУМАНИ ИИБДА «КУНИГА 5 ТА ЖАРИМА» ТАЛАБИ БОРМИ?
Бухоро тумани ИИБда профилактика инспекторларига «кунига 5 та жарима» режаси қўйилаётгани, меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани ва раҳбарият томонидан босим ҳамда камситиш ҳолатлари ҳақида мурожаат келиб тушди. Иддаолар хизмат текширувини талаб қилади.
Бухоро вилояти Бухоро тумани ИИБ тизимида ишловчи ходимларга босим ўтказилиши, профилактика инспекторларига мажбурий равишда жарима режаси қўйилиши ва меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳақида Элтузар таҳририятига мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифларининг иддаосига кўра, Бухоро тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналиши раҳбарларидан бири ҳар бир профилактика инспекторидан кунига камида 5 нафар фуқарони маъмурий жавобгарликка тортишни талаб қилади.
Ходимлар бундай талаб профилактика ишларининг моҳиятини ўзгартириб, инспекторларни ҳуқуқбузарликнинг олдини олишдан кўра «режа тўлдириш» учун жарима қўллашга ундаётганини даъво қилмоқда.
Мурожаатда раҳбарнинг ўзига яқин ва совға-салом бериб турадиган айрим ходимларни қўллаб-қувватлаши, бошқаларни эса йиғилишларда камситиши ва ҳақоратли сўзлар билан таҳқирлаши ҳақида ҳам иддаолар келтирилган.
«Мажлисларда ходимларни камситади, норози бўлиб гапирганларни кейинчалик таъқиб қилади. Тунда ҳам чақириб, йиғилишларда изза қилади», – дейилади таҳририятга юборилган мурожаатда.
Мурожаатчиларнинг яна бир жиддий иддаоси – жиноят аломатлари бўлиши мумкин бўлган айрим ариза ва хабарларни расмий тартибда рўйхатга олиш ўрнига, профилактика инспекторларига «ўзинг ҳал қиласан» деган кўрсатма берилиши ҳақида.
Ходимлар, шунингдек, текширувчилар келиши муносабати билан улардан пул йиғилиши ҳақида хабар бермоқда. Мурожаатда профилактика инспекторларига ажратилиши керак бўлган айрим маблағлар ҳам тўлиқ берилмаслиги, уларнинг қаерга сарфланаётгани бўйича саволлар мавжудлиги айтилган.
Таҳририятга келган маълумотга кўра, раҳбариятнинг босими ва муносабати сабаб айрим ёш ходимлар ишдан кетган. Қолган ходимларнинг эса иш вақти амалда чекланмагани, кечаси ҳам хизматга ёки мажлисга чақирилиши таъкидланмоқда.
Меҳнат таътили билан боғлиқ яна бир даъво ҳам эътиборни тортади. Мурожаатчиларнинг айтишича, ҳужжатларда ходимларга бир ойлик меҳнат таътили расмийлаштирилса-да, амалда уларга тахминан 10 кун дам олиш имкони берилади.
Шунингдек, раҳбар ходимларни бошқалар олдида обрўсизлантириши, касбий қобилиятини ҳақоратомуз тарзда баҳолаши ва қонунга зид деб ҳисобланаётган топшириқларни бажаришга мажбурлаши ҳақида ҳам шикоятлар бор.
Элтузар мазкур мурожаатда келтирилган иддаоларни мустақил равишда тўлиқ тасдиқлагани йўқ. Шу боис улар ваколатли органлар томонидан холис ва хизмат текшируви тартибида ўрганилиши лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг