Кўпчиликка маълумки, ҳуқуқий таҳлил ўтказиб, давлат органлари томонидан мавжуд қонунчилик асосида, ижтимоий шериклик тамойилларига мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мисолида ННТларга кўрсатилаётган “ёрдам”ларни кўриб чиқаётган эдик.

Бундан олдинги иккита мақоламизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 108-сонли Фармони ва 296-сонли Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 667-сонли Қарорига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак (грант ва молиявий маблағлар) тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини оширишга масъул органлар томонидан жорий йилда ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганлиги ҳақида ёритган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 124-сонли Фармонида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Фармонннинг 9-бандига мувофиқ давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўзларининг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда мазкур Фармонда назарда тутилган талаблар асосида қайта ташкил этиши белгиланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашишга масъул бўлган 5та давлат органлари томонидан ўзларининг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари таркибига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакилини киритмаган.

Республикамизда фаолият кўрсатаётган 222 та ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштириб турган, 2018 йилдан буён БМТнинг маслаҳат органи бўлмиш Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International)нинг тўлақонли аъзоси бўлган ташкилотни Жамоатчилик кенгашлари таркибига киритмаслик ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам нотўғри деб ҳисоблаймиз. Жамоатчилик кенгашларининг янги таркиби қайси бўғинда кўриб чиқилгани бизга номаълум, лекин, ўша органларда ҳам сиёсий онги қотиб қолган ходимлар мавжудлиги кундай равшан бўлмоқда. Бу ишлар атайин қилинаётгандай туюлади одамга.

124-сонли Фармоннинг 8-бандига мувофиқ жамоатчилик кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қанча миқдорда моддий рағбатлантирилганлиги ҳар бир ташкилот кесимида очиқланса, очиқлиқ сиёсатига мос бўлар эди.

Юқордагиларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакилини тегишли давлат бошқаруви органлари ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши таркибига киритишга чақирамиз.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига мувофиқ давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлашини таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров