ЕВРОПА ЎЗБЕКИСТОНДА МИГРАНТЛАР УЧУН “ҚАЙТАРИШ МАРКАЗЛАРИ” ҚУРАДИМИ?
ЕИ рад этилган бошпана изловчиларни учинчи давлатлардаги “қайтариш марказлари”га юбориш ғоясини муҳокама қилмоқда. Ғарб ОАВ Ўзбекистонни эҳтимолий ҳамкорлардан бири сифатида тилга олмоқда, аммо мамлакатда бундай марказ очиш бўйича расмий келишув йўқ.
Европа Иттифоқи ва айрим Европа давлатлари бошпана сўрови рад этилган мигрантларни ЕИ ҳудудидан ташқаридаги махсус “қайтариш марказлари”га жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Ғарб нашрлари маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳам эҳтимолий ҳамкор давлатлар қаторида тилга олинган, бироқ Тошкентда бундай марказ очилиши бўйича расмий келишув эълон қилинмаган.
Reuters хабарига кўра, Европа Комиссияси 2025 йилда ЕИ давлатларига рад этилган бошпана изловчиларни учинчи давлатлардаги марказларга юбориш имконини берувчи таклифни илгари сурган. Associated Press эса 2026 йил март ойида Европа парламенти ЕИдан ташқаридаги бундай марказларни ташкил этишни осонлаштирувчи чорани қўллаб-қувватлаганини ёзди.
The Guardian нашрининг ёзишича, Европа давлатлари муҳокамаларида рад этилган мигрантларни жойлаштириш мумкин бўлган бир қатор учинчи давлатлар номи тилга олинган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Нашр бу режалар ҳали музокара ва сиёсий муҳокама босқичида эканини қайд этган.
Euronews маълумотига кўра, Германия, Нидерландия, Австрия, Дания ва Греция ЕИдан ташқарида “қайтариш марказлари”ни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда. Бу режа Европа мамлакатларида миграция сиёсати тобора қатъийлашаётган бир пайтда илгари сурилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Австрия ўртасида миграция соҳасида алоҳида икки томонлама келишув имзоланган. Австрия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2026 йил 7 май куни Тошкентда имзоланган “Миграция ва мобиллик соҳасида шериклик” келишуви қонуний меҳнат миграцияси, малакали ишчилар учун имкониятлар ва ноқонуний миграцияга қарши ҳамкорликни қамраб олади. Ўзбекистоннинг “Дунё” ахборот агентлиги ҳам ушбу ҳужжат имзоланганини тасдиқлаган.
Бироқ мавжуд маълумотлар “ЕИ Ўзбекистонда мигрантлар лагери қуришга қарор қилди” деган хулосани тасдиқламайди. Ҳозирча гап Европа давлатлари томонидан муҳокама қилинаётган “қайтариш марказлари” концепцияси, эҳтимолий ҳамкор давлатлар рўйхати ва Ўзбекистоннинг Австрия билан миграция соҳасидаги алоҳида келишуви ҳақида кетмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай марказлар узоқ муддатли ушлаб туриш, ҳуқуқий назоратнинг заифлашиши ва мигрантлар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Human Rights Watch ЕИнинг “return hubs” режасини танқид қилиб, одамларни ўзлари билан алоқаси бўлмаган давлатларга юбориш ҳуқуқий ва гуманитар хавфлар туғдириши мумкинлигини таъкидлаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг