Ўзбекистонда ўртача даромад 5-6 миллион сўм. Бензин, гўшт-тухум, коммунал тўловлар нархига таққосланганда шу миллионлар сариқ чақадек гўё.

Ҳозир ўзимиздаги бензин нархи ҳатто иқтисодиёти анча кучли бўлган АҚШдан қиммат. Ўзбекистонда ўртача ойлик даромад тахминан 5-6 миллион сўм атрофида бўлган бир пайтда, АҚШда аҳоли даромади бир неча баробар юқорилигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Бу иқтисодиётнинг отини «тирик қолиш учун кураш» дейиш мумкин. Озиқ-овқат, ёқилғи ва коммунал хизматлар каби энг асосий эҳтиёжлар нархи тез ўсиб бораётган бир вақтда аҳоли даромадининг шунга мос равишда ошмаётгани катта ижтимоий босим туғдирмоқда.

Минбарларда янги ташаббуслар янграйди. Кунда-кунора бирор агентлик очилади, мансабдорларни намойишкорона ишдан бўшатиш саҳналарини кузатамиз. Амалда эса одамлар ислоҳот натижасини ўз ҳаётида ҳис қилмаяпти, расмий баёнотлар билан реал ҳаёт орасидаги жарлик каттариб бормоқда. Жамиятда тушкунлик, асабийлик ва норозилик кайфиятини кучайган.

Биз рангларни қуюқлаштириб сизни нигилизм ботқоғига ботирмоқчи эмасмиз. Лекин вазият ўртада. Оддий инсон нуқтаи назаридан қараганда, иқтисодиётнинг кучи бозорда қўлидаги пулга нима сотиб ола олиши билан белгиланади.

Ислоҳотларга нисбатан ишонч инқирози юзага келди. Бу кризис мутлақ анархияга айланмаслиги учун монополияни камайтириш шарт. Озиқ-овқат ва ёқилғи соҳасида ички бозор барқарор бўлса, ташқи нарх тебранишлари камроқ таъсир қилади.

Минимал иш ҳақи ва реал даромадлар инфляциядан ортда қолмаслиги керак. Коммунал ва ёқилғи соҳасида шаффофлик кучайиши лозим. Нархлар нима учун ошиб бораётганини жамият тушуниши керак. Кичик бизнесга босимни камайтириш фавқулодда муҳим. Чунки янги иш ўринлари ва рақобатни асосан шу сектор яратади.

Керак деймиз, шарт деймиз. Шу нарсаларни катта бошли мулозимлар билмайдими? Билишади, лекин миллион карра афсуслар бўлсинким, ҳеч қандай чора кўришмайди.