Наманган вилояти Наманган туманидаги Тошбулоқ сув таъминоти бўлимида кадрлар масаласи сув қувурларидан ҳам қизиқроқ тармоққа айланган.

Элтузарга тақдим этилган маълумотга кўра, бўлим бошлиғи сифатида ишлаётган Ҳайиталининг:

– аммаси Азизова Юлдуз – кадрлар бўйича ходим;

– тоғасининг ўғли Убайдуллаев Сардор – метролог;

– қайнотаси Нуриддинов Муҳриддин – ишлаб чиқариш муҳандиси ёрдамчиси бўлиб фаолият юритар экан.

Хуллас, идорада сув босими қандай – билмадик, аммо қариндошлик босими анча баландга ўхшайди.

Бундай таркибни кўрган одамда табиий савол туғилади: бу Тошбулоқ сув таъминоти бўлими штат жадвалими ёки ишнинг оилавий шажарага мослаштирилган варианти?

Албатта, бир идорада қариндошларнинг ишлаши ўз-ўзидан қонун бузилганини англатмайди. Асосий масала – уларни ишга қабул қилишда бўлим бошлиғи иштирок этганми, улар унга бевосита бўйсунадими, маош, устама, мукофот, лавозимга тайинлаш ва интизомий қарорларга таъсир ўтказадими?

«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги ЎРҚ-931-сонли қонунда эр ёки хотиннинг ота-онаси, яъни қайнота ва қайнона ҳам «яқин қариндошлар» қаторига киритилган. Яқин қариндош раҳбарнинг бевосита бўйсунувида ишласа ёки раҳбар унга тааллуқли қарорларни қабул қилишда иштирок этса, бу ҳақда белгиланган тартибда хабарнома тақдим этилиши керак.

Шу муносабат билан Тошбулоқ сув таъминоти бўлими ва унинг юқори турувчи раҳбариятидан қуйидаги саволларга жавоб кутамиз:

Нуриддинов Муҳриддин бўлим бошлиғига бевосита бўйсунадими?

Ушбу қариндошлик муносабати расман декларация қилинганми?

Номлари келтирилган ходимлар очиқ танлов асосида ишга қабул қилинганми?

Ҳайитали уларни ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, мукофотлаш ёки бошқа қарорларда иштирок этганми?

Ташкилотнинг коррупцияга қарши ички назорат ёки кадрлар бўлинмаси бу ҳолатни ўрганганми?

Қонунга кўра, бундай ҳолатларни дастлаб ташкилотнинг махсус бўлинмаси ва одоб-ахлоқ комиссияси кўриб чиқиши керак. Манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳисобланади. Агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳам ҳолатни ўрганиш ваколатига эга.

Тошбулоқда аҳолига тоза сув етказиб бериш керак. Иш ўринларини эса қариндошлик қувури орқали тақсимлаш керак эмас.

Масъуллардан расмий ва ҳужжатларга асосланган муносабат кутамиз. Уларнинг жавобини ҳам тўлиқ эълон қилишга тайёрмиз.