“МАДAМИН АКАГА ҲАЙКАЛ ҚЎЙИЛСИН!” – МТРКДАГИ “КАТТА”НИ ҲИМОЯ ҚИЛГАН ШОГИРДДАН МАКТУБ
МТРКдаги гуруҳбозлик, гонорарлар ва шаффофлик ҳақидаги танқидий мақолалардан сўнг Элтузарга ўзини "Ўзбекистон 24" ходими ва Мадамин Сафаров шогирди деб таништирган шахс мактуб йўллади. У Сафаровни ҳимоя қилади ва уни "буюк инсон" деб таърифлайди.
Элтузарда МТРКдаги гуруҳбозлик, гонорарлар тақсимоти, меҳнат муносабатлари ва шаффофликка доир қатор танқидий мақолалар эълон қилинган эди.
Бугун таҳририятга ўзини «Ўзбекистон 24» телеканали ходими ва Мадамин Сафаровнинг шогирди деб таништирган шахсдан жавоб мактуби келди.
Мактуб муаллифи Сафаровни “чинакам ватанпарвар”, “буюк инсон” ва МТРКни елкасида кўтариб турган қаҳрамон сифатида тасвирлайди. Унинг фикрича, МТРК раҳмат айтиши, Президент администрацияси эса Мадамин Сафаровга ҳайкал қўйиши керак. Танқид қилаётганлар эса, муаллиф таъбири билан айтганда, “дангасалар” ва “алжираётганлар” экан.
Биз бу мактубни таҳрир қилмадик. Имлоси, услуби, мантиғи, эҳтироси ва «Катта»га бўлган садоқати қандай бўлса, шундайлигича қолдирилди.
Ўқинг. МТРКда раҳбарга муносабат қаерда тугаб, шахсга сиғиниш қаердан бошланишини ўзингиз баҳоланг.
«Ассалому алайкум, Ҳурматли Элтузар, МТРК ҳақида кўп ёздингиз. Мен ўша сиз тилга олаётган Мадамин Сафаровнинг шогирдиман ва 24 каналда ишлайман. Бизнинг ҳам айтадиганларимиз бор. Мард бўлсангиз бизни ҳам чиқаринг.
Мадамин Сафаровни гуруҳбозликда айблашмоқда. Аслида эса у гуруҳбоз эмас чинакам ватанпарвар инсон. У берилган топшириқларни бажариш учун команда йиғган. Ким бундай қилмайди ? Ха жамоамиз аксар Қашқадарё ва Сурхондарёликлардан. Хўш нима қилибди ? Қашқадарё бу саркардалар, уламолар, жангчилар мард инсонлар ватани. Асосийси вазифа бажарилганику. Мадамин ака келгунча МТРКда тузук раҳбар бўлмаган. Масъулиятни бўйнига ола биладиган чинакам раҳбар бу Сафаров эканини ҳамма тан олади.
Шунқор акага келсак улар қила оладиган ишни МТРКни 90 фоизи қила олмайди. Тошкентда тоғларни кўтарган ва девларга қарши уришган ботирлардек бул икки замон қаҳрамонлари МТРКда ишламоқда.
МТРК аслида раҳмат дейиши керак Мадамин ака истаса исталган ташкилотига ўта олади. Хавфсизлик раҳбарлари ҳам келиб консультация олади керак бўлса! Иғво қилаётганларнинг аксарияти дангасалар. Улар бирорта ишни қойил қилишмаган. Мадамин ака эса уларга чиқиш эшигини кўрсатган.
Коррубсия бўйича айбловлар бўйича: бу туҳмат. Мадамин ака бир тийин олмайди. Илтимосларни эса бажаради. Администрация Мадамин акага ҳайкал қўйсин. Ҳаммасини боласини мактабларигача ёритиб берилади.
“Тошкент” каналида ишлаган пайтимиз Мадамин ака сайловларни чинакам ёритилишида бош қош бўлди. “Ёшлар” телеканалини эса 0дан олиб чиқди. Ҳозир яна 0га қайтган чунки Мадамин ака бошқармаяпди у канални.
“Ўзбекистон 24″га Хаджаев олиб келган. Мадамин акани ишлаш нияти ҳам бўлмаган ўшанда. Шу боис айтадиган гапим: Мадамин ака бу каналга зор эмас у шундоқ ҳам буюк инсон.
Мадамин Сафаров бўлмаганда бугунги бошқа соҳадан келган Раис 1 ой ҳам ишлай олмай тепилиб кетар эди. Мадамин ака борлиги учун уни юзи юқори раҳбарият олдида ёруғ бўлиб турибди.
Гонорарлар бўйича ҳам хаммаси туҳмат. Кўп ишлаган кўп оляпди. Дангасалар эса кам олади.
Хуллас туҳматни ва алжирашни бас қилишини ўрнига фойдали иш билан шуғулланишини тавсия қилар эдим. Тинчкина тирикчиликни ўзгартиринг. Ватан учун қилган энг фойдали ишингиз шу бўлар эди.
Бу хабарни мен ўзим ёздим ҳеч ким ёз деб айтмади ! шунчаки Каттага қилинаётган туҳматларга жим қараб тура олмадим…»
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг