НУКУСДА “ИШГА КИРИТИШ ВАЗИРЛИГИ” TELEGRAM’ДА ОЧИЛДИ: НАРХИ – 2000 ДОЛЛАР, ЯКУНИ – СУД
Нукусда Telegram’да ўзини темир йўлга ишга киритиб қўяман деб танишлари борлигини даъво қилган ва хизмати учун 2000 доллар талаб қилган йигит қўлга олинди. Суд уни фирибгарликка уриниш ва пора беришга ундашда айбли деб топиб, 10,3 млн сўм жарима тайинлади.
Нукусда бир йигит мамлакатдаги ишсизлик муаммосини ўзича ҳал қилишга бел боғлабди. На бандлик бўлими, на кадрлар агентлиги, на очиқ танлов керак – Telegram’га битта хабар ёзасиз, 2000 доллар тайёрлайсиз, тамом: темир йўлдаги иш гўё чўнтакда.
Фақат битта кичик муаммо бор: “ишга киритувчи”нинг ўзи ҳам вақтинча ишсиз.
Суд ҳукмига кўра, 2006 йилда туғилган йигит Telegram’даги «Водители Нукуса» гуруҳида Нукус темир йўл вокзалига ишга киритиб беришини ёзган. Иш қидираётган фуқаро бу хабарга ишонган. Ахир одам ишсиз қолганда, эълондаги ҳар бир “танишим бор” деган гап унга давлат кафолатидек эшитилиши мумкин.
Йигит ўзининг “юқори лавозимда ишлайдиган танишлари” борлигини айтиб, машинист ёрдамчиси лавозими учун 2000 доллар нарх белгилаган. Бу хизматда, афтидан, расмий тариф ҳам бўлган: 1000 доллар – олдиндан тўланади, қолгани – иш битгач.
Яъни резюме топшириш шарт эмас, малака сўралмайди, имтиҳон ҳам йўқ. Фақат доллар бўлса бас. Кадрлар сиёсати эмас, доллар сиёсати.
2026 йил 23 март куни Нуқусдаги “ОКС” кафеси ёнида 1000 долларлик “аванс” топширилган. Аммо янги иш ўрнига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар етиб келган ва “кадрлар бўлими”нинг фаолияти шу ернинг ўзида тугатилган. Пул ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Энг қизиғи, судланувчи ўзи тиббиёт техникумида ўқишини, қарзлари ва кредити борлигини айтган. Демак, инсон ўзининг молиявий муаммосини бошқа бир ишсизнинг умиди ҳисобига ҳал қилишга уринган.
Бир ишсиз иккинчи ишсизга иш сотмоқчи бўлган.
Жабрланувчи эса шунчаки иш қидирган. Унинг мақсади бойиб кетиш эмас, машинист ёрдамчиси бўлиб ҳалол маош олиш эди. Аммо ишга муҳтож одамнинг ожизлиги фирибгар учун тайёр бозорга айланган: умид бор, ишонч бор, пул топилса – “таниш” ҳам дарров пайдо бўлади.
Суд судланувчининг айбига иқрор бўлганини, пушаймонлигини, аввал судланмаганини ва етказилган зарар қопланганини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олган. Шу билан бирга, унинг ҳаракатларини фирибгарликка суиқасд ҳамда пора беришга далолат қилиш билан боғлиқ моддалар асосида айбли деб топган.
Ҳукмга кўра, икки айб бўйича 8 миллион 240 минг сўмдан жарима белгиланиб, жазолар қисман қўшилган ва якунда 10 миллион 300 минг сўм жарима тайинланган.
Хуллас, 2000 долларлик “ишга жойлаштириш лойиҳаси” 1000 долларлик тезкор тадбир ва 10,3 миллион сўмлик жаримаси билан якунланган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг