УЧ ЙИЛ ТЕКШИРУВСИЗ БИЗНЕС. ТАДБИРКОРГА ЭРКИНЛИКМИ ЁКИ НАЗОРАТНИНГ ЯНГИ МОДЕЛИ?
ПФ–175-сон фармони билан Ўзбекистонда кичик бизнесни текширишга уч йиллик мораторий жорий этилди. Мақолада бу қарорнинг тадбиркор психологияси, коррупция, маъмурий босим ва назорат тизими ислоҳотига эҳтимолий таъсирини таҳлил қилинади.
Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилмоқда.
27 август куни қабул қилинган ПФ–175-сон Президент фармонига кўра, кичик бизнесни ҳар қандай текшириш тақиқланади. Жиноят иши доирасидаги, инсон соғлиғи, меҳнат қонунчилиги, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қайтариш ҳамда корхонани тугатиш билан боғлиқ текширувлар бундан мустасно. Мораторийни бузиб ўтказилган текширув ноқонуний ҳисобланиб, айбдор мансабдорлар жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Бизнес-омбудсман эса «Самарали назорат» тадбири доирасида назорат органларининг охирги уч йилдаги текширувларини қайта ўрганади. Қонун бузилган ёки текширув тартибига риоя қилинмаган ҳолатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Бу қарор биринчи қарашда кичик бизнес учун навбатдаги имтиёзга ўхшайди. Аммо унинг иқтисодиётга таъсири анча чуқур бўлиши мумкин.
ЭНГ КАТТА ЎЗГАРИШ – ТАДБИРКОРНИНГ ПСИХОЛОГИЯСИДА
Кичик бизнес учун текширувнинг асосий харажати фақат жарима эмас.
Текширув келиши эҳтимолининг ўзи тадбиркордан ҳужжат тайёрлаш, бухгалтер ва юрист жалб қилиш, иш жараёнини тўхтатиш, назорат органи билан мулоқот қилиш ва баъзан ҳафталаб вақт сарфлашни талаб қилади.
Энг ёмони – текширувнинг қачон, нима сабабдан ва қандай натижа билан тугашини олдиндан билмаслик.
Шу нуқтаи назардан уч йиллик мораторий бизнесга энг қиммат ресурслардан бирини – аниқликни беради.
Тадбиркор камида уч йил давомида асоссиз текширув келиб, ишини издан чиқаришидан камроқ хавотирланади. Бу янги ускуна олиш, қўшимча ишчи ёллаш, савдо нуқтасини кенгайтириш ёки янги лойиҳага пул тикиш каби қарорларга таъсир қилиши мумкин.
Яъни мораторийнинг асосий иқтисодий самараси жарималар камайишида эмас, балки бизнеснинг келажакка ишончини оширишда бўлиши мумкин.
КОРРУПЦИЯ УЧУН ҲАМ МАЙДОН ТОРАЯДИ
Текширувчи билан тадбиркор қанча кўп юзма-юз келса, субъектив қарор ва норасмий келишув учун шунча кўп имконият пайдо бўлади.
Шунинг учун текширувлар сонини қисқартириш маъмурий коррупциянинг энг оддий шаклларига қарши ҳам самарали восита бўлиши мумкин.
Ўзбекистондаги кичик бизнес муҳити бўйича аввалги халқаро тадқиқотларда ҳам тадбиркорларнинг текширув натижалари устидан шикоят қилиш даражаси жуда паст бўлгани, бунга ижобий натижага ишончсизлик ва кейинги салбий оқибатлардан қўрқиш сабаб сифатида кўрсатилган.
Шу боис Бизнес-омбудсманга охирги уч йиллик текширувларни орқага қайтиб ўрганиш вазифасининг берилиши фармоннинг энг қизиқ жиҳатларидан бири.
Агар бу жараён формал ҳисобот билан якунланмай, ҳақиқатан ҳам ноқонуний текширув ўтказган мансабдорларгача етиб борса, давлат назорати тизимида муҳим сигнал пайдо бўлади:
энди фақат тадбиркор эмас, уни текширган инспектор ҳам ўз қарори учун жавоб беради.
ЛЕКИН МОРАТОРИЙ ҚОНУНГА РИОЯ ҚИЛМАСЛИК УЧУН “УЧ ЙИЛЛИК ТАЪТИЛ” ЭМАС
Бу ерда катта хато қилиш мумкин.
«Текширишмайди» деган сигнал айрим бизнесларда «демак, хоҳлаганимни қилишим мумкин» деган тушунчага айланса, мораторийнинг салбий оқибатлари ҳам пайдо бўлади.
Айниқса, меҳнат муносабатлари, хавфсизлик, санитария, маҳсулот сифати ва истеъмолчилар ҳуқуқига таъсир қилувчи соҳаларда давлат назорати бутунлай йўқолиши мумкин эмас.
Фармон шунинг учун инсон соғлиғи, меҳнат қонунчилиги ва фуқаролар мурожаатлари асосидаги текширувларни мораторийдан чиқариб қолдирган.
Яъни давлатнинг ғояси «назоратни йўқотиш» эмас.
Ғоя — ҳаммани бир хил текширишдан воз кечиш.
ТЕКШИРУВ БОШҚА НОМ БИЛАН ҚАЙТМАСЛИГИ КЕРАК
Амалиётда тадбиркор учун фарқи йўқ: унинг корхонасига «текширув», «мониторинг», «ўрганиш», «профилактика», «хатлов» ёки бошқа ном билан ўн нафар мансабдор кириб келса, натижа бир хил — бизнес фаолиятига аралашув.
Шунинг учун фармоннинг ҳақиқий самараси фақат расмий «текширувлар сони» билан ўлчанмаслиги керак.
Давлат идораларининг тадбиркордан қанча ҳужжат талаб қилгани, жойига неча марта чиққанлиги, қанча огоҳлантириш ва кўрсатма бергани ҳам очиқ статистикага айланиши зарур.
Акс ҳолда текширувлар статистикада камайиб, маъмурий босим бошқа ном остида давом этиши мумкин.
УЧ ЙИЛДАН КЕЙИН НИМА БЎЛАДИ?
Бу энг муҳим савол.
Халқаро тажриба мораторийларнинг бир камчилигини кўрсатади: улар доимий тизим ўрнини босолмайди.
OECD минтақадаги назорат ислоҳотларини таҳлил қилар экан, мораторийлар текширувларни вақтинча камайтириши мумкинлигини, аммо улар назорат тизимидаги асосий муаммони ҳал қилмаса, текширувлар мораторийдан олдин ёки кейин тўпланиб қолиши ва бизнес учун янги ноаниқлик пайдо қилиши мумкинлигини қайд этади.
Демак, 2029 йилда «мораторий тугади, энди ҳаммани текширамиз» деган ҳолат юзага келса, ислоҳотнинг катта қисми йўққа чиқади.
Уч йил ичида эски тизимнинг ўрнига янги тизим қурилиши керак.
Президентнинг 18 августда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда айтган гапи ҳам шу мантиққа яқин: иқтисодиётни «соя»дан чиқариш текшириш орқали эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали амалга оширилиши керак.
НАТИЖАДА НИМА КУТИШ МУМКИН?
Агар фармон тўлиқ ишласа, кичик бизнес учун маъмурий босим камаяди, текширувчи билан тўғридан-тўғри контакт қисқаради, коррупцион келишувлар учун имконият тораяди, бизнеснинг келажакка ишончи ошади ва тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришга кўпроқ мойил бўлиши мумкин.
Аммо бу натижалар ўз-ўзидан келиб чиқмайди.
Мораторий самарали бўлиши учун «фуқаролар мурожаати» текширув очишнинг универсал баҳонасига айланмаслиги, текширувлар бошқа ном билан қайта пайдо бўлмаслиги, Бизнес-омбудсман ҳақиқий назорат ваколатига эга бўлиши ва уч йил мобайнида тўлиқ хавфга асосланган рақамли назорат тизими шаклланиши керак.
Акс ҳолда давлат бизнесни уч йилга текширувдан озод қилиб, 2029 йилда яна эски усулга қайтиши мумкин.
Шунинг учун ПФ–175нинг ҳақиқий муваффақияти уч йил давомида қанча текширув ўтказилмагани билан эмас, уч йилдан кейин Ўзбекистонга текширув мораторийи умуман керак бўлмай қоладими-йўқми – ана шу билан ўлчанади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг