Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органларида фаолият юритувчи терговчи 50 минг доллар миқдорида пора олаётган вақтда ушлангани ҳақида Элтузар таҳририятига маълумот келиб тушди.

Мурожаат муаллифининг иддаосига кўра, мазкур ишга туман ички ишлар бўлими раҳбариятида ишловчи айрим мансабдорлар ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Манба, шунингдек, ҳодиса ҳақидаги маълумот юқори турувчи раҳбариятга етиб бормаслиги ва иш жамоатчиликдан яширилиши учун уринишлар бўлаётганини даъво қилмоқда.

Элтузар ҳозирча ушбу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмади. Шу сабабли пора олиш ҳолати, гумонланувчиларнинг шахси ва ишда бошқа мансабдорларнинг эҳтимолий иштироки юзасидан ваколатли идораларнинг расмий муносабати муҳим.

Сўнгги вақтларда Мирзо Улуғбек тумани турли можароли воқеалар билан ҳам жамоатчилик эътиборига тушмоқда. Туманда солиқ тизими ходими пора билан ушлангани ҳақида хабарлар тарқалган, янги қурилган инфратузилма объекти билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокама қилинган эди. Шунингдек, Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган кекса аёл ҳақидаги воқеа ҳам жамоатчиликда саволлар уйғотган.

Агар терговчининг 50 минг доллар пора билан ушлангани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, бу туманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ва ички назорат тизими самарадорлиги юзасидан жиддий саволларни келтириб чиқаради.

Элтузар Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИИББдан мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ кутади.