УРГУТ ПРОКУРОРИ ПОРА ОЛИШДА ГУМОНЛАНИБ ҲИБСГА ОЛИНДИ
Ургут тумани прокурори ўринбосари қарийб 2,9 миллиард сўмлик зарарни камайтириб бериш эвазига пора олгани ва қўшимча йирик миқдорда пул талаб қилгани учун ҳибсга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом этмоқда.
Ургут тумани прокурори ўринбосари пора олиш ва яна йирик миқдорда пул талаб қилишда гумонланиб қўлга олинди.
Тергов маълумотларига кўра, мансабдор аввалги иш фаолияти даврида бир корхонага ҳисобланган қарийб 2 миллиард 900 миллион сўмлик зарар миқдорини камайтириб бериш эвазига 6 минг 500 АҚШ доллари ҳамда 35 миллион сўм олганликда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, у жиноят иши доирасида енгилроқ жазо тайинланишига кўмаклашиш ва ҳисобланган зарар миқдорини яна камайтиришни ваъда қилиб, қўшимча 15 минг доллар талаб қилган.
Ҳозирда прокурор ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд қарори билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчининг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунча, у айбсиз ҳисобланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг