Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат ва нодавлат боғчалар сони кўпайди, қамров даражаси ошди, таълим дастурлари янгиланди.

Бироқ тизимнинг кейинги босқичга чиқиши учун ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Айниқса, ҳудудларда яшаётган оилалар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Энг катта муаммолардан бири – болаларни мактабгача таълим муассасаларига олиб келиш ва қайтариб олиб кетиш масаласидир. Айниқса, қишлоқ ва олис ҳудудларда боғча билан яшаш манзили ўртасидаги масофа узоқ бўлгани сабабли кўплаб ота-оналар фарзандларини боғчага мунтазам қатната олмаяпти. Натижада айрим болалар мактабгача таълимдан четда қолмоқда ёки ота-оналар иш фаолиятини чеклашга мажбур бўлмоқда.

Бугунги кунда давлат томонидан мактаб ўқувчилари учун автобуслар, транспорт хизматлари ва хавфсиз қатнов тизимлари босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Худди шундай ёндашув мактабгача таълим тизимида ҳам жорий этилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Махсус болалар автобуслари ёки ҳудудлар кесимида ташкил этилган хавфсиз транспорт хизматлари ота-оналарнинг ташвишини камайтиради, болаларнинг боғчага қамровини оширади ва таълим олиш имкониятини янада кенгайтиради.

Хориж тажрибаси ҳам бунинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Германия, Япония, Жанубий Корея ва Финляндия каби давлатларда айрим ҳудудларда болаларни боғчага махсус транспортда олиб келиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу нафақат ота-оналарга қулайлик яратади, балки болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва таълимга тенг имконият яратишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Айниқса, аҳолиси сийрак ёки чекка ҳудудларда транспорт хизматини давлат ёки маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватлаш одатий амалиёт саналади.

Яна бир муҳим масала – вилоятларда нодавлат мактабгача таълим муассасаси очишни истаган тадбиркорларга қўйилаётган айрим талаблар билан боғлиқ. Амалиётда баъзи ҳудудларда тадбиркорлардан болаларни ташиш учун шахсий автомашина, жумладан, “Дамас” русумидаги автомобил мавжудлиги талаб қилинаётгани ҳақида фикрлар учрамоқда. Албатта, болалар хавфсизлиги энг устувор масала. Аммо транспорт масъулиятини тўлиқ боғча эгасининг зиммасига юклаш ҳар доим ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмайди. Бу янги боғчалар очилишига тўсиқ бўлиши, айниқса молиявий имконияти чекланган ташаббускорлар учун қўшимча харажатларни келтириб чиқариши мумкин.

Аслида, болаларни ташиш тизими алоҳида давлат дастури ёки маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ташкил этилса, бир нечта ижобий натижага эришиш мумкин. Биринчидан, тадбиркорлар ортиқча харажатлардан холи бўлади. Иккинчидан, транспорт хизматининг сифати ва хавфсизлиги ягона стандарт асосида назорат қилинади. Учинчидан, ота-оналар учун тенг ва қулай шароит яратилади.

Шунингдек, мактабгача таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Замонавий жиҳозлар, дидактик воситалар, рақамли технологиялар ва малакали педагоглар болаларнинг сифатли таълим олиши учун муҳим омиллардир. Тарбиячилар малакасини мунтазам ошириш, ортиқча ҳисоботларни камайтириш ва уларнинг асосий эътиборини болалар тарбиясига қаратиш ҳам тизим самарадорлигини оширади.

Мактабгача таълимга йўналтирилган ҳар бир инвестиция аслида мамлакат келажагига қилинган инвестициядир. Шу боис тизимдаги муаммоларни фақат боғчалар ёки ота-оналар зиммасига юкламасдан, давлат, маҳаллий ҳокимият, тадбиркорлар ва жамоатчилик ҳамкорлигида ҳал этиш энг тўғри йўлдир.

Айниқса, болаларни хавфсиз ва қулай тарзда боғчага олиб келиш масаласининг давлат томонидан тизимли равишда йўлга қўйилиши мактабгача таълим қамровини ошириш, янги боғчалар ташкил этишни рағбатлантириш ҳамда ҳар бир болага тенг таълим имкониятини яратишда муҳим қадам бўлади.