Халқаро валюта жамғармасига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти ўсяпти, лекин бу ўсиш хавфсиз эмас.

Ташкилотнинг 2026 йилги Ўзбекистон билан IV модда доирасида ўтказган маслаҳатлашувлари якунида эълон қилинган баёнотида солиқ-бюджет сиёсатини қаттиқроқ назорат остига олиш, харажатларни йил давомида қайта кўриб чиқишдан воз кечиш ва захираларни тиклаш кераклиги яна такрорланди.

Бу фақат сўнгги олти ой ичида ХВЖнинг тўртинчи шунга ўхшаш мурожаати.


ХВЖ экспертларининг баҳосига кўра, мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичлари умуман олганда барқарор, аммо ички талаб шу қадар кучайганки, иқтисодий фаоллик ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқорига чиқиб кетган. Содда қилиб айтганда, аҳоли ва бизнес харажат қилиш, истеъмол ва инвестиция кўламини иқтисодиёт “ҳазм қила оладиган” даражадан тезроқ оширмоқда. Бундай вазиятда, агар жиловланмаса, натижа одатда инфляциянинг яна қайта тезлашиши бўлади.
Шу боис ташкилот таклиф томонидаги ислоҳотларни — яъни ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш чораларини — талабни жиловлаш сиёсати билан бирга олиб боришни тавсия қилади.


Фақат пул-кредит сиёсати (фоиз ставкалари) орқали инфляцияни жиловлаш етарли эмас, бюджет томони ҳам “ҳамкорлик” қилиши керак, деган фикр баёнотнинг асосий мағзини ташкил этади.

Бюджетга оид асосий хавотир: йил ичидаги “қўшимча харажат”.

ХВЖнинг энг муҳим тавсияси 2026 йилда бюджет даромадлари режадан ортиб кетиши эҳтимоли борлигини ҳисобга олиб, бу қўшимча маблағни йил давомида янги харажатларга йўналтиришдан воз кечиш. Ўтган йилларда Ўзбекистонда режадан ортиқ тушган даромад кўпинча йил охирига яқин қўшимча харажатлар учун ишлатилган, бу эса инфляцияга салбий таъсир кўрсатган. ХВЖнинг назарида, бу гал шундай йўлдан бормаслик нафақат инфляцияни пасайтиришга, балки умуман олиб борилаётган иқтисодий сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Ҳисоботба солиқ тизимидаги “дарчалар” ҳақида ҳам сўз боради.


Сўнгги йилларда солиқ тушумларининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати пасайиб боргани алоҳида таъкидланган. Бунинг сабаби кенг қамровли солиқ имтиёзлари ва таътиллар тизими билан боғлиқ бўлиши мумкин. Улар инвестицияларни рағбатлантириш учун жорий этилган бўлса-да, давлат бюджетининг даромад базасини торайтиради.

ХВЖ шунингдек, учта хавфни алоҳида санаб ўтган: проциклик бюджет харажатлари (яъни иқтисодиёт қизиб турган пайтда ҳам харажатларни ошириш эҳтиёжи), мақсадли ва имтиёзли кредитлаш амалиётининг давом этиши, ҳамда таркибий ислоҳотлардаги кечикишлар.


Банк сектори: хусусийлаштириш яна кун тартибида

Молия-банк соҳасида ХВЖнинг позицияси ўзгармаган: давлат тижорат банкларини қайта ташкил этиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, активлар сифатини яхшилаш ва Марказий банк мустақиллигини мустаҳкамлаш керак. Бу тавсиялар апрел ойида ҳам берилган эди, демак, бу борада ҳали кутилган суръатда силжиш кузатилмаган бўлиши мумкин.
Молиявий инклюзивлик масаласида ҳам ХВЖ позицияси аниқ: бу йўналишдаги ташаббуслар маъмурий буйруқлар ёки имтиёзли кредитлаш орқали эмас, балки бозор рақобати, шаффофлик ва тўғри риск бошқаруви орқали амалга ошириш муҳим.

ХВЖ экспертларига кўра, ҳукумат учун асосий синов жорий иқтисодий ўсишни “совутмасдан” қизиб кетишнинг олдини олиш, яъни доимий ўсиш билан барқарорлик ўртасидаги нозик мувозанатни топиш бўлиб қолмоқда.

Бунинг калити эса, ХВЖ таъкидлаганидек, кўп жиҳатдан бюджет интизомида — хусусан, режадан ортиқча тушган даромадни шунчаки сарфлаб юбормаслик, дейилади Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида.