Элтузар таҳририятига Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида, хусусан “Ўзбекистон-24”, “Ёшлар” ва “Наво” телеканалларида гонорар, устама ҳақлари ва ходимларга тўловлар тақсимоти бўйича адолатсизликлар борлиги ҳақида яна бир мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифлари айрим раҳбарларга яқин ходимлар юқори миқдорда гонорар ва устамалар олаётгани, оддий ходимлар эса анча кам ҳақ билан чекланаётганини иддао қилмоқда. (Таъкидлашимиз зарур – Элтузар “тўшак” масаласига аралашмайди.)

Таҳририят ушбу иддаоларни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Шу боис келтирилаётган маълумотлар ходимлар мурожаати сифатида баён қилинади. Аммо иддаолар давлат маблағлари, меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, бюджет интизоми ва давлат медиатизимидаги шаффофлик масаласига дахлдор бўлгани учун мутасадди идоралар томонидан расман ўрганилиши лозим.

Мурожаатда ЎзМТРКда раиснинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мадамин Сафаров атрофида шаклланган таъсир доираси ҳақида сўз боради. Иддаоларга кўра, айрим телеканалларда гонорар ва устама ҳақлари ходимнинг иш ҳажми, лавозими ёки меҳнат самарадорлигига қараб эмас, балки раҳбариятга яқинлиги асосида тақсимланмоқда.

Ходимларнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон-24” телеканалида айрим раҳбар ходимлар ва уларга яқин шахслар чекланмаган миқдорда гонорар олиш имкониятига эга. Мурожаатда телеканал директорининг ўринбосари Шунқор Чориев номи тилга олиниб, у ўзига яқин ходимларга ҳам катта миқдорда гонорар ёзиши мумкинлиги иддао қилинади.

Шунингдек, мурожаатда “Ўзбекистон-24” телеканали бошловчилари Ҳулкар Бўриева ва Дилдора Эшонқуловага нисбатан ҳам тўловлар бўйича саволлар кўтарилган. Ходимлар айрим ҳолларда ишда бўлмаган ёки фаол меҳнат жараёнида иштирок этмаган даврлар учун ҳам гонорар ёзилганини иддао қилмоқда.

Мурожаат муаллифларига кўра, бундай ҳолатлар оддий ходимлар орасида жиддий норозилик келтириб чиқарган. Улар бир ой давомида катта ҳажмда иш бажарса ҳам, 3 миллион сўм атрофида гонорар олишини, айрим ходимларга эса бир неча баробар кўпроқ тўловлар амалга оширилаётганини айтишмоқда.

“Бу ҳақда тизим ичида кўпчилик билади, лекин ҳеч ким очиқ гапиришга журъат қилолмайди”, дейилади мурожаатда.

Мурожаатда “Ёшлар” телеканалидаги ҳолатлар ҳам тилга олинган. Унда телеканал директори Элёр Тўлаганов даврида айрим ходимларга нисбатан молиявий имтиёзлар яратилгани иддао қилинади.

Хусусан, мурожаатда Шаҳризода Икромова исмли ходимнинг қисқа вақт ичида юқори маош ва гонорар ола бошлагани айтилган. Ходимлар иддаосига кўра, у “Ёшлар” телеканалидан “Наво” телеканалига ўтказилганидан кейин ҳам унга нисбатан юқори тўловлар сақланиб қолган.

Мурожаат муаллифлари Шаҳризода Икромованинг ойлик даромади 20 миллион сўм атрофида эканини иддао қилади. Уларнинг таъкидлашича, телеканалда йиллар давомида ишлаб келаётган айрим ходимлар бундай миқдорда маош ёки гонорар олмаяпти.

Шунингдек, мурожаатда айрим ходимларнинг вилоятларга бориб-келиш харажатлари телеканал бюджети ҳисобидан қоплангани ҳақида ҳам иддао бор. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, бу ҳолат хизмат ваколатларидан фойдаланиш, бюджет маблағларини сарфлаш ва манфаатлар тўқнашуви нуқтаи назаридан текширилиши лозим бўлади.

Мурожаатда “Ёшлар” телеканали ходимлари Шохрух Абдусаматов, Абдусаттор Закруллаев ва Раҳматулла Сатторовнинг ҳам маош ва устама ҳақлари бўйича саволлар кўтарилган. Ходимлар иддаосига кўра, айрим шахслар бир вақтнинг ўзида ҳам гонорар, ҳам устама ҳақи олаётган бўлиши мумкин.

Мурожаатда таъкидланишича, телеканалларда эртадан кечгача ишлайдиган айрим ходимлар 10 миллион сўм атрофида маош ҳам ололмаётган бир пайтда, айрим ходимларга 20–25 миллион сўмгача тўловлар амалга оширилаётгани жамоада жиддий норозилик уйғотган.

Бу ерда асосий савол шахслар атрофида эмас, тизим атрофида турибди: ЎзМТРКда гонорар ва устама ҳақлари қандай мезон асосида белгиланади? Бир ходимга гонорар ёзилганда, унга яна устама ҳақи тўланиши мумкинми? Иш ҳажми, иш вақти, лавозим масъулияти ва ҳақиқий меҳнат натижаси қандай баҳоланади?

Давлат медиатизимида меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби очиқ, тушунарли ва адолатли бўлиши керак. Агар бир ходимнинг маоши ва гонорари раҳбариятга яқинлиги сабаб ошса, бошқа ходимнинг меҳнати эса эътиборсиз қолса, бу нафақат ички норозилик, балки давлат маблағларидан фойдаланиш бўйича жиддий саволларни ҳам келтириб чиқаради.

Элтузар ЎзМТРК раҳбарияти, “Ўзбекистон-24”, “Ёшлар” ва “Наво” телеканаллари масъулларини ушбу иддаоларга муносабат билдиришга чақиради.

Хусусан, қуйидаги саволларга очиқ жавоб берилиши мақсадга мувофиқ:

“Ўзбекистон-24”, “Ёшлар” ва “Наво” телеканалларида гонорар ва устама ҳақлари қандай мезонлар асосида белгиланади?

Бир ходим бир вақтнинг ўзида ҳам гонорар, ҳам устама ҳақи олиши мумкинми?

Айрим ходимларга 20–25 миллион сўм атрофида тўловлар амалга оширилгани ҳақидаги иддаолар қанчалик асосли?

Ишда бўлмаган ёки фаол меҳнат жараёнида иштирок этмаган даврлар учун гонорар ёзилиши мумкинми?

Телеканал бюджети ҳисобидан ходимларнинг шахсий ёки хизмат сафарига ўхшаш харажатлари қопланган ҳолатлар бўлганми?

МТРК тизимида манфаатлар тўқнашуви ва таниш-билишчиликнинг олдини олиш бўйича қандай ички назорат мавжуд?

Элтузар ушбу иддаолар бўйича МТРК ва тилга олинган шахсларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.

Мазкур мурожаатда келтирилган маълумотлар мутасадди идоралар томонидан текширилиши, телеканалларда гонорар ва устама ҳақлари бўйича очиқлик таъминланиши ҳамда ходимлар меҳнати адолатли баҳоланиши лозим.