МТРК РАҲБАРИЯТИ ХОДИМЛАР МАОШИДАН ҲАР ОЙ МИЛЛИОНЛАБ ЎЛПОН ОЛАЁТГАНИ АНИҚ БЎЛДИ
ЎзМТРКда собиқ раис ўринбосари Мадамин Сафаров картасига ходимлар ойлигидан 69 млн сўм ўтказилгани иддао қилинмоқда. Капитал таъмир, гонорарлар ва бошқа молиявий операциялар бўйича ҳам жиддий саволлар ўртага ташланди.
ELTUZAR порталига келиб тушган мурожаатга кўра биргина август ойида компания масъул раҳбарларидан бўлган Мадамин ҳожи Сафаровнинг банк картасига ходимлар ўз ойлигидан 69 миллион сўм ўтказиб бергани маълум қилинди.
Мурожаат муаллифларининг билдиришича, ЎзМТРК раисининг иқтисодий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Мадамин Сафаров фаолияти билан боғлиқ молиявий операциялар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилаётган бўлиши мумкин. Мадамин Сафаровнинг ўзи айни дамда ишдан бўшатилган.
Компания биноларининг капитал таъмири, ходимларга ажратиладиган гонорар маблағлари ҳамда айрим молиявий ўтказмалар юзасидан шубҳалар талай.
Энг жиддий иддаолардан бири — вилоят телерадиокомпаниялари ходимларининг банк карталаридан Мадамин Сафаровнинг картасига пул ўтказилгани ҳақидаги маълумотдир.
Мурожаатда таъкидланишича, биргина август ойида бундай ўтказмаларнинг умумий миқдори 69 миллион сўмни ташкил этган. Пора мўмайгина.
Шунингдек, «Ўзбекистон 24» телеканали мухбири Элёр Гўрўғлиев билан боғлиқ эҳтимолий коррупция ҳолати юзасидан бошланган суриштирувлар ЎзМТРКдаги бошқа молиявий операцияларни ҳам ўрганишга сабаб бўлди.
Хўш, ЎзМТРКда бюджет маблағларининг сарфланиши юзасидан расмий текширув ёки жиноят иши мавжудми? Капитал таъмир учун ажратилган маблағлар қандай сарфланган? Гонорар маблағларининг тақсимланиши юзасидан молиявий аудит ўтказилганми?
Давлат бюджети маблағларининг ҳар бир сўми ҳисобдорлик ва шаффофликни талаб қилади. Бош прокуратура ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбариятидан ушбу маълумотлар юзасидан расмий изоҳ кутамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг