ЖИЗЗАХДА ИИБ ХОДИМИ ФУҚАРОЛАР ТЕЛЕФОНИГА ИЛОВАЛАРНИ МАЖБУРИЙ ЎРНАТТИРЯПТИ
Жиззахда «Маржон сув» зиёратгоҳига борган фуқаролар ИИБ ходими уларни телефонига «APK ўчирувчи» ва «Qalqon» иловаларини мажбурий ўрнаттираётгани, рад этганларга таҳдид қилаётгани, бу эса шахсий дахлсизлик ва рақамли хавфсизликка таҳдид эканини маълум қилишди.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги «Маржон сув» зиёратгоҳида ички ишлар органи ходими дам олувчиларнинг телефонларига мажбурий тарзда иловалар ўрнаттиряпти.
Яъни милиция формасидаги профилактика инспектори фуқаролардан телефонларига «APK ўчирувчи» ва «Qalqon» номли иловаларни ўрнатишни талаб қиляпти. Бунга розилик билдирмаганларга нисбатан таҳдидлар янграяпти.
Бу дастурлар ўрнатилганидан кейин телефонининг ишлаш тезлиги сезиларли даражада пасаяди. Мурожаатда бундай ҳолатлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани, ИИБ ходимларига юқоридан иловаларни фуқаролар телефонларига ўрнаттириш, уларга беш юлдузли баҳо қўйдириш ва рейтингини ошириш бўйича топшириқ берилгани иддао қилинади.
Фуқароларнинг шахсий телефонларига иловалар ўрнатишни талаб қилиш – шахсий даҳлсизликка таҳдид бўлган ўта жиддий жиноятдир.
Иловаларни ўрнатиш ихтиёрий эмас? Рад этган фуқароларга нисбатан чора кўриш ваколатини қайси валломат берди? Дастурлар фойдаланувчининг шахсий маълумотларига қандай даражада кириш имкониятига эга?
Жиззах вилояти ИИБ ва Ички ишлар вазирлигидан бу мурожаат юзасидан расмий муносабат билдириш, ҳолатни ўрганиш ҳамда фуқароларга аниқ ҳуқуқий тушунтириш бериш сўралади.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлиги ва рақамли хавфсизлиги билан боғлиқ ҳар қандай амалиёт очиқ, қонуний ва тушунарли бўлиши шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг