Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 1 миллион сўмлик янги банкнота муомалага чиқарилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Марказий банк ушбу маълумотларга муносабат билдириб, тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

Регуляторнинг таъкидлашича, 1 миллион сўмлик банкнота муомалага чиқарилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Шу боис, ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай маълумотга ишонишдан олдин унинг расмий манбалар орқали тасдиқланганига эътибор қаратиш лозим.

Марказий банк фуқароларни молиявий масалаларга оид янгиликларни фақат расмий манбалардан олишга, тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақиради. Зеро, нотўғри маълумотлар жамоатчилик орасида асоссиз хавотир ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.