КОГОНДА 625 МИЛЛИОН СЎМЛИК БЕТОН ҚОҒОЗДА ҚУЙИЛГАНМИ? ЖИНОЯТ ИШИНИНГ ТАҚДИРИ НИМА БЎЛАДИ?
Когон тумани ободонлаштириш бошқармасида ҳужжатларда 1 394 куб метр бетон ётқизилгани қайд этилган, аслида эса ишлар бажарилмагани ва 625,1 млн сўм бюджет маблағи тақдири ноаниқлиги ҳақида сўроқлар очиқ қолмоқда.
Бухоро вилояти Когон тумани ободонлаштириш бошқармасида 625,1 миллион сўмлик бюджет маблағи талон-торож қилинди.
Элтузарга тақдим этилган маълумотларга кўра, расмий ҳужжатларда 1 394 куб метр бетон ётқизилгани қайд этилган. Амалда ушбу ишлар бажарилмаган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан 170012/2026-357-сонли жиноят иши қўзғатилган.
Бошқарма раҳбари Алишер Комилович Хайдаров фаолияти юзасидан илгари ҳам жиноят иши қўзғатилган эди, кейинчалик иш тугатилгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд.
Бу сафарги жиноят ишида бажарилмаган ишлар қандай қилиб расмий ҳужжатларга киритилган? Бетон ётқизилгани ҳақидаги далолатномаларни кимлар имзолаган? 625,1 миллион сўм қаерга йўналтирилган? Давлатга етказилган зарар қопландими? Қўзғатилгани айтилаётган жиноят иши қандай натижа билан якунланди? Ёки иш ҳавода муаллақ қолдими?
Бюджет маблағларининг сарфланиши устидан назорат жамоатчилик учун очиқ ва тушунарли бўлиши керак. Шу сабабли Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Бухоро вилояти прокуратурасидан мазкур ҳолат, тергов жараёни ва унинг натижалари юзасидан расмий ахборот беришларини сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг