КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА АҲОЛИ ТАЙЁР ЭМАС БИРОҚ МИНГЛАБ ГАЗБАЛОНЛАР НОҚОНУНИЙ МУОМИЛАДА
Ўзбекистон бўйлаб рейдларда аҳоли учун мўлжалланган минглаб суюлтирилган газ баллонларининг ноқонуний сақланиши ва қиммат нархларда сотилишига оид 120 дан ортиқ ҳолат аниқланди, уларнинг бир қисмисида газ таъминоти ходимлари ҳам иштирок этгани фош этилди.
Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган рейдларда аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ баллонларини ноқонуний сақлаш ва қиммат нархда сотиш билан боғлиқ 120 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Шундан 39 тасида газ таъминоти идоралари ходимларининг алоқадорлиги фош этилди.
19–21 октябрь кунлари Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида ўтказилган рейдларда 3 мингдан зиёд газ баллони ҳамда улардаги 13 636 килограмм суюлтирилган газ ашёвий далил сифатида олинди.
Жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин туманида газ таъминоти бўлимида юқори лавозимларда ишлаган шахс қариндошининг уйидан 152 та газ баллони топилди. Сирдарё вилоятининг Ховос туманида эса газ таъминоти бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳужжатларсиз сақланган 30 та баллон олинди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида газ тўлдириш шохобчаси қоровули 3 та баллонни 2,5 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди. Пастдарғом туманидаги фуқаро эса газ баллонларини 70 минг сўмдан сотиб олиб, аҳолига 100 минг сўмдан сотаётгани аниқланди.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида газ таъминоти бўлими муҳандиси ва чилангари 8 та баллонни ноқонуний сотиш мақсадида сақлаган. Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида эса 39 ёшли фуқаро 32 та баллонни қимматроқ нархда сотишга уринган. Навоий вилоятининг Хатирчи туманида газ таъминоти бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам 26 та баллон олинган.
Шунга ўхшаш ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа ҳудудларда ҳам аниқланган.
Қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши билдирилди. Фуқаролар бундай ҳолатлар ҳақида Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришлари мумкин. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг