Колумбиялик машҳур ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркеснинг машҳур «Полковникка хат йўқ» қиссасида кекса полковник йиллар давомида давлатдан пенсияси ҳақида мактуб кутади. Аммо хат ҳам, пенсия ҳам келмайди.

Ўзбекистондаги полковникнинг аҳволи эса анча яхшига ўхшайди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби, полковник Шоҳруҳ Ғиёсовнинг ойлик маоши 24 миллион сўмни ташкил этади.

Бу ҳақда у Ютюбдаги Латипов канали муаллифи Жаҳонгир Латипов билан суҳбатда маълум қилди.

ИИВ ходимлари куни арафасида эълон қилинган интервъюда Ғиёсовнинг айтишича, унинг ойлик даромади маош билан чекланмаган.

Бунга қўшимча, ички ишлар воизи барча тизим ходимлари қатори “ижтимоий ёрдам” ҳам олади. Аммо у ижтимоий ёрдам миқдорини очиқламаган.

“Биз 39 йиллик стажга эга олий тоифали врач бўлатуриб 4.800 сўм ойлик оламиз. Устига устак бизда кипянисиям, премиясиям,
ижтимоийсиям йўқ” деб ёзди тармоқларда изоҳ қолдирган Латифхўжа Эшон Усмонхўжаев.

“Оҳҳоо, бизни ярим йил оладиган пенсиямизку” деб ёзди Дилфуза Турдиева исмли нафақахўр.

“Шуни ҳалоллаб олиш керак… ИИВдаги зўравонликлар ҳамманинг кўз олдида” дейди Нўъмон Мирзо исмли ватандош.

Айрим фойдаланувчилар ИИВ мулозими, маоши катта бўлишина қарамай, маошга яшашини савол остига олишган.

Ўзбекистонда ички ишлар тизимидаги айрим ислоҳотларга қарамай, тизим ҳануз репрессивлигича қолмоқда. Буни ушбу тизимнинг юзи бўлган полковник Шоҳруҳ Ғиёсов ҳар сафар журналист ва блогерларга қарши навбатдаги сохта ва монтаж қилинган видеосини эълон қилган пайт яна бир бор тасдиқлайди.

Ютюбдаги “Сирожиддин медиа” каналининг фарғоналик мактаб директори Гулираъно Қосимова ишини ёритганидан дарғазаб бўлган Ғиёсов “ўзувузани йигитларни (фарғоналик иивчилар-таҳр.) едириб қўймаймиза” деб баёнот берганди. Орадан 6 ой ўтиб, Сирожиддин Одилов 8 йилга қамалди.

Так что, Шоҳруҳ братнинг ҳар бир чиқиши эътиборга молик. Уни диққат билан кузатинг. Иложи бўлса, тармоқларда 25 октябр – милиция куни билан табриклаб қўйинг. Билиб бўлами? Агар Ўзбекистон халқаро ҳисоботларда Каримов давридаги “полиция давлати” деган мақомни қайтариб олса, билингки, бу айнан Шоҳруҳ Ғиёсовга ўхшаганларнинг хизмати ва заҳмати ҳисобига бўлади.

Хуллас, Маркеснинг полковниги давлатдан бир парча хат кутиб умрини ўтказган бўлса, бизнинг полковник давлатдан ҳар ой 24 миллион сўм олади.

Колумбиялик полковникнинг фожиаси – давлат уни унутганида. Ўзбекистонлик полковникнинг омади – давлат уни унутмаганида.

Хуллас, Маркеснинг полковнигига хат йўқ эди. Бизнинг полковникка эса хат шарт эмас.

SMS келса бас: «Ҳисобингизга 24 000 000 сўм тушди».

Сизнинг ҳисобингизга бу ой қанча тушди азиз ватандош?