Бугун инсон бошқаларнинг ҳаётини ҳам кузатиб ҳаётини ўтказяпти. Эрталаб кўзини очиши билан телефонга қўл узатади. Кимдир янги уй сотиб олган, кимдир LI9 автомобиль минган, яна кимдир турмуш ўртоғидан қиммат совға олган. Биров хорижда дам оляпти, бошқаси эса оилавий бахт, моддий фаровонлик ва муваффақиятга тўла ҳаётини намойиш этяпти…

Бундай рилслар дастлаб кишига завқ бағишлайди. Чиройли ҳаётни кўриш, муваффақиятли инсонлардан илҳомланиш табиий. Аммо вақт ўтиши билан инсон ўз ҳаётини экрандаги ҳаёт билан таққослай бошлайди. Ана шу нуқтада оддий қизиқиш руҳий босимга айланади.

«Нега менда бундай эмас?», «Нега турмуш ўртоғим менга бундай муносабатда бўлмайди?», «Нега бошқалар шу қадар тез бойиб кетяпти?», «Мен қаерда хато қилдим?»

Ижтимоий тармоқларда шахсий ҳаёти, оилавий муносабатлари ва моддий имкониятлари билан эътибор қозонган шахслар атрофидаги қизиқиш жараённинг ижтимоий аҳамиятини кўрсатади. Ўзбекистон ахборот майдонида Чеченка, Бобур Мансуров, Зебо Раҳимова, Термизий домла ва унинг турмуш ўртоғи каби шахслар ҳаётидан нимани кўрамиз ва бу манзарани турмушга қандай татбиқ этяпмиз?

Оилавий сурат, совға, саёҳат ёки тантанали тадбир ортидаги кундалик ташвишлар, келишмовчиликлар, молиявий мажбуриятлар ва қийинчиликлар аудиторияга номаълум бўлиб қолади.

Шундай экан, инсон ўзининг барча муаммолари билан бировнинг саралаб кўрсатилган энг яхши лаҳзаларини солиштиради. Бу таққослаш бошиданоқ тенг шароитда кечмайди.

ИЖТИМОИЙ ТАҚҚОСЛАШ НИМА?

Психологияда бу ҳол ижтимоий таққослаш назарияси билан изоҳланади. Леон Фестингер 1954 йилда илгари сурган назарияга кўра, инсон ўз қобилияти ва ҳаётий ҳолатини англашда бошқалар билан таққослашга мойил. Ижтимоий тармоқлар бундай таққослаш учун деярли чексиз имконият яратди.

Инсон ўзини миллиардер Илон Маск билан таққослаганда бу тафовутни табиий қабул қилиши мумкин. Аммо ўзига яқин тилда сўзлашадиган, ўхшаш муҳитдан чиққан ва ўзига таниш қадриятларни намойиш этадиган шахснинг муваффақияти унга кучлироқ таъсир қилади. Чунки бундай вазиятда «У эришган экан, мен нега эриша олмадим?» деган савол туғилади.

ОИЛАВИЙ БАХТ НАМОЙИШИ МУНОСАБАТЛАРНИ ЗАҲАРЛАЙДИ

Ижтимоий тармоқлардаги муваффақият намойишининг энг таъсирчан кўринишларидан бири оилавий муносабатлардир.

Саёхатда кун кечираётган, кунда-кунора ғарамдек гулдаста олаётган машҳурлар ҳаётидан қандай оилавий идеал яратиляпти?

Бу шахсларнинг аниқ видеолари ва чиқишлари алоҳида текширилмасдан, уларнинг оилавий муносабатлари ёки моддий аҳволи ҳақида хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Бироқ машҳур оилаларга оид контентнинг аудитория томонидан қабул қилиниши мустақил таҳлилга арзийди.

Айниқса, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг моддий совғалар, эътиборли муносабат, саёҳат ва оммавий эътироф билан ифодаланиши оилавий бахт ҳақида янги тасаввурларни шакллантиряпти.

Аёл киши бошқа оиладаги муносабатларни кўриб, ўз турмуш ўртоғидан ҳам худди шундай эътибор кута бошлайди. Эркак бошқаларнинг молиявий имкониятлари билан ўзини таққослаб, бошқаларнинг аёли билан тотув муносабатлари саҳнасини кўриб етарлича муваффақиятга эришмаганини ҳис қилади.

Шу тариқа экрандаги бир неча дақиқалик видео реал оилада қониқмаслик, хафагарчилик ёки ортиқча талаблар пайдо бўлишига туртки беряпти.

Албатта, ижтимоий тармоқда намойиш этилган муносабатнинг чиройли бўлиши унинг сохталигини англатмайди. Аммо уни бошқа барча оилалар учун меъёрга айлантириш ҳам асосли эмас. Ҳар бир оиланинг иқтисодий шароити, қадриятлари, ўзаро муносабатлари ва ҳаётий тажрибаси турлича.

СЎНГГИ ТАДҚИҚОТЛАР НИМА ДЕЙДИ?

2026 йил сентябрида эълон қилинган, ҳозирча дастлабки илмий мақола мақомига эга метатаҳлилда 149 та кузатув тадқиқоти ва 77 та экспериментал тадқиқот натижалари умумлаштирилади. Унда ижтимоий тармоқларда ўзини бошқалардан пастроқ ҳолатда деб ҳисоблаш руҳий саломатлик кўрсаткичларининг ёмонлашишига олиб келиши тасдиқланди. Экспериментал натижалар бундай таққослаш кайфиятга қисқа муддатли салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам кўрсатди.

Бу натижалар ҳар бир инсон ижтимоий тармоқ туфайли тушкунликка тушади дегани эмас. Таъсир кўп жиҳатдан шахснинг руҳий ҳолати, ўз ҳаётидан қониқиши ва кўрилган маълумотни қандай талқин қилишига боғлиқ.

Бир инсон бошқаларнинг муваффақиятини кўриб, ўз олдига янги мақсад қўяди. Бошқа бири эса айнан шу манзара таъсирида ўз ютуқларини қадрсизлантира бошлайди.

Муаммо муваффақиятнинг намойиш этилишида эмас, уни инсон қадрининг ягона мезони сифатида қабул қилишдадир.

КИМЛАР МУВАФФАҚИЯТ ТИМСОЛИ БЎЛИБ ҚОЛДИ

Илгари инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг меҳнати, билими, касби ва атрофдагилар билан муносабати асосида шаклланган. Бугун ижтимоий тармоқларда кўриниш, обуначилар сони, моддий имкониятларни намойиш этиш ва оммавий эътибор ҳам муваффақият белгиси бўлади.

Албатта, бойлик ёки машҳурликнинг ўзи салбий ҳодиса эмас. Меҳнати билан муваффақиятга эришган инсон ўз ютуқларини бошқалар билан бўлишишга ҳақли. Лекин муваффақият ҳақидаги тасаввур фақат кўзга ташланадиган натижалар асосида шаклланса, жамиятда оддий ва тинч ҳаётнинг қадри пасайиши мумкин.

Фарзанд тарбиялаётган она, ҳалол меҳнат қилаётган ота, йиллар давомида илм билан шуғулланаётган тадқиқотчи ёки беморларга ёрдам бераётган шифокор ижтимоий тармоқда миллионлаб кўришлар тўпламайди. Тармоққа драма, максимум чиройли визуал эффект керак.

Муваффақиятнинг ҳаммага кўринадиган шакли билан унинг ҳақиқий мазмуни ўртасидаги фарқни англаш бугунги ахборот жамиятининг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.

БАХТЛИ БЎЛИШ ВА БАХТЛИ КЎРИНИШ ФАРҚИ

Ижтимоий тармоқларнинг ўзи инсон учун хавф манбаи сифатида қаралмаслиги керак. Улар билим олиш, тажриба алмашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва янги имкониятлар топишга хизмат қилади. 2025 йилда эълон қилинган тизимли таҳлил ҳам ижтимоий тармоқларнинг руҳий саломатлик ва оилавий муносабатларга ижобий ҳамда салбий таъсирлари мавжудлигини кўрсатади.

Асосий масала инсон ўз ҳаётини қандай қабул қилишидадир.

Бошқаларнинг муваффақиятидан хурсанд бўлиш, улардан ўрнак олиш ва янги мақсадлар қўйиш инсонни ривожлантириши мумкин.

Аммо ўз қадрини бировнинг бойлиги, ташқи кўриниши ёки оилавий муносабатлари билан ўлчаш доимий қониқмасликка сабаб бўлиши эҳтимол.

Бугун биз ижтимоий тармоқларда минглаб бахтли лаҳзаларни кўрамиз. Лекин инсон ҳаёти фақат байрамлар, совғалар ва муваффақиятлардан иборат эмас. Унда оддий кунлар, масъулият, чарчоқ, сабр, қийинчилик ва кўзга кўринмайдиган кичик ғалабалар ҳам бор.

Бошқаларнинг бахтини кўриб, ўз бахтимизни қадрсизлатирмайлик. Зеро, инсоннинг ҳақиқий муваффақияти шу ҳаётдан қанчалик маъно ва қониқиш топаётгани билан белгиланади.