Ўзбекистонда аҳоли сони жадал ўсмоқда. Ҳар йили юз минглаб болалар мактаб остонасига қадам қўяди. Аммо таълим тизими бу ўсиш суръатига ҳамон тўлиқ мослаша олмаяпти. Натижада шаҳарлардаги, айниқса Тошкентдаги кўплаб мактаблар ҳаддан ташқари тўлиб кетган. Синфлар сони ортмайди, аммо синфлардаги ўқувчилар сони ортиб бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистонда 11 118 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги ўқувчилар сони 6,87 миллион нафарга етган.

Муаммо шундаки, янги ўқувчилар сони ўсиши билан янги мактаблар ва янги иш ўринлари мутаносиб равишда яратилмаяпти. Айниқса катта шаҳарларда бир синфда 35–40 нафар, айрим ҳолларда ундан ҳам кўп ўқувчи таҳсил олади. Бундай шароитда ўқитувчи ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратиши амалда имконсиз. Агар ўқитувчи 40 нафар ўқувчининг ҳар бири билан атиги бир дақиқадан ишласа ҳам, дарс вақтининг 40 дақиқаси кетади. Бу эса таълим сифатига бевосита таъсир қилади.

Тошкент шаҳридаги кўплаб мактаблар икки сменада ишлашга мажбур. Бу ҳолат мактаб бинолари ва синфхоналар мавжуд ўқувчилар сонига мос эмаслигини кўрсатади. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда янги турар-жойлар қурилаётган бўлса-да, уларга мос таълим инфратузилмаси ҳамиша ҳам яратилмаяпти.

Яна бир оғриқли масала педагоглар учун янги штат бирликларининг чекланганлигидир. Кўп мактабларда ўқитувчилар сони йиллар давомида деярли ўзгармаган. Янги мутахассисларни ишга қабул қилиш кўпинча кимдир нафақага чиққани ёки ишдан бўшаганидагина амалга ошади. Бу эса ёш педагоглар учун меҳнат бозорида қўшимча тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйича ҳар бир мактабга ўртача 618 нафардан ортиқ ўқувчи тўғри келади. Аммо бу фақат ўртача рақам. Амалда Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона каби аҳоли зич ҳудудларда айрим мактабларда 2–3 минг нафаргача ўқувчи таълим олади.

Сўнгги йилларда янги мактаблар қурилаётгани яхши. Аммо бу аҳоли ўсиш суръатини тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмаяпти. Таълим тизими олдидаги асосий вазифа янги мактаблар қуриш, қўшимча синфхоналар ташкил этиш ва энг муҳими, педагоглар учун янги иш ўринларини яратиш ва уларнинг маошларини оширишдир.

Акс ҳолда синфлардаги ўқувчилар сони ошиб бораверади, ўқитувчиларнинг юкламаси оғирлашади ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Меҳнатига яраша ҳақ олмаган ўқитувчилар қади букилиб, ёш педагоглар эса мактабдан иш топа олмасдан янги иш излашга мажбур бўлиб соҳани буткул тарк этишга тўғри келади.