«Ўзбекистон ҳаво йўллари» меҳнат жамоаси номидан Элтузарга йўлланган мурожаатда авиакомпания бошқаруви раисининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Зоҳидбек Нишонов ходимларга босим ўтказиш, яқинларини ишга жойлаштириш ва хизмат текширувларидан шахсий адоват воситаси сифатида фойдаланишда айбланмоқда. Ушбу иддаолар ҳозирча мустақил тасдиқланган эмас.

Мурожаат муаллифлари авиакомпанияда ишчанлик муҳити бузилгани, фаворитизм ва гуруҳбозлик кучайганини билдириб, Нишонов фаолиятини текширишни сўрамоқда.

Муаллифларнинг даъвосича, Нишонов авиакомпания ва унинг таркибий ташкилотларидаги раҳбарларга руҳий босим ўтказиб, бўш лавозимларга ўзига яқин кишиларни белгиланган саралаш тартибини четлаб ўтган ҳолда жойлаштиришга уринмоқда.

Мурожаатда унинг оғзаки кўрсатмаларини бажармаган ходимлар ва раҳбарларга нисбатан махфий хизмат хатлари асосида текширувлар бошлатилиши ҳам айтилган. Муаллифлар бу ҳаракатларни шахсий адоват билан боғламоқда ва Нишоновнинг лавозим йўриқномаси унга бундай ваколат бермаслигини таъкидламоқда.

Шикоятдаги яна бир жиддий иддаога кўра, эътироз билдирган ходимларга Нишонов ўзининг Президент администрацияси орқали тайинланганини ва уни ҳеч ким ишдан бўшата олмаслигини айтган. Бу гаплар айтилганини тасдиқловчи мустақил далил ҳозирча мавжуд эмас.

Мурожаатда аёл ходимга нисбатан шилқимлик ва унинг паспортини қайтармаслик ҳақидаги айблов ҳам келтирилган. Муаллифлар бу даъвони Nemolchi.uz сайтида 2024 йил 3 октябрда эълон қилинган «Стюардесса» номли аноним ҳикоя билан боғламоқда.

Мазкур материалда ўзини авиакомпанияда узоқ йиллар ишлаган борт кузатувчиси деб таништирган аёл ишдан кетиш жараёнида хорижга чиқиш паспорти олиб қолингани, хавфсизлик хизмати бошлиғи эса суҳбатларни шахсий ва интим мавзуларга бурганидан шикоят қилган. Бироқ нашрда авиакомпания номи ҳам, мансабдорнинг исми ҳам очиқланмаган. Шу сабабли ушбу ҳикоянинг айнан Нишоновга тааллуқли экани тасдиқланмайди.

Муаллифлар, шунингдек, Нишонов 2024 йилда хориждан қайтаётганида самолёт бортида маст ҳолда жанжал кўтарганини даъво қилмоқда. Уларнинг ёзишича, воқеа юзасидан 102 рақамига хабар берилган, аммо кейинчалик масала танишлар орқали ёпилган. Мурожаатда рейс рақами, воқеанинг аниқ санаси ёки қўнғироқ қайди келтирилмаган.

Шикоят муаллифлари авиакомпания ходимлари ўртасида аноним сўров ўтказишни, хизмат текширувларининг асосларини ҳамда кадрлар танлови тартибига риоя этилганини ўрганишни сўрамоқда. Уларнинг фикрича, баён этилган ҳолатлар жамоадаги муҳит ва авиакомпания обрўсига зарар етказмоқда.