(Шоирнинг Каримов даври борасида фикрлари…)

Одамлар қандай яшаётган эди?

Ўзимнинг бошимдан ўтказганларимни бир эслай.

Мен кўп қаватли уйда яшайман. Уйимиз неча-неча қишлар бўйи исимасди. Бир фарзандим кейинчалик “Шу уйда бир умр совуқ қотиб улғайдик”, деб эслади.

Нафақага чиқдим. “Ишласанг, нафақангнинг ярми тўланади”, дейишди. Нима дейман? Хўп-да… Кўпга келган тўй.

Маош ҳемири. Ярим пенсияга қўшиб, ойдан ойга аранг етказамиз.

Тўлов пластик картаси билан боғлиқ машмашаларни-ку, айтмай. Дўконга борасан. Керакли молнинг нархини сўрайсан. “Нақд олсангиз, саксон сўм, пластик карта билан тўласангиз, юз…”.

Деновда — бозорнинг нақ ўртасида “пластик картадаги пулни нақдга алмаштириш пункти” очилди. Ўша безбет шаклда — юз сўм ечиб олишса, саксон сўм қўлингга беришади. Энг даҳшати, бу “пункт”ни бундай ҳоллар юз бермаслигини назорат этувчи ташкилотларнинг одамлари юритди. Додингни кимга айтишни билмайсан…

Бу лўттибозликлар бутун халқ кўз ўнгида рўй берди. Ҳеч ким миқ этолмади. Қўрқув. Бу қўрқувдан яралган тақдирсизлик — эртани ўйлашдан чўчиш — мудом елкадан тошдай босиб турди.

Қарз кўтардим. Долларда қарз берганларга долларда қайтариб бериш керак. Банк кассаларининг ёнига ҳам боролмайсан. Банклар долларни сотувга чиқариб, ўзи сотиб олиб ётибди. Одамларини қўйиб қўйган — аллақандай шанғи хотинлар…

Бозорга борасан. Ҳар қадамда “долларчи”лар шайкаси… Долларнинг нархи расмий курсдан икки баробар баланд. Кўр бўлиб ­оласан.

Сурхондарёда ғалла етиштирган бир тадбиркор менга учрашиб, ғалласини топширганини, аммо ҳақини еб кетишганини айтди. Мен бир-икки амалдорга айтган бўлдим. Бирор натижа чиқмади. Тадбиркор шу хўрликнинг жабридан ўлиб кетди…

У-бу жойлардаги ўзгаришлар одамларнинг дастурхонига етиб келмади. Мамлакатни фирибгарлар босди.

Бу ишга қарши курашиши зарур бўлган ташкилотлар давлат ичида давлат туздилар. Одамлар устидан зўравонлик жорий этилди.

Масалан, Сурхондарёда хавфсизлик хизмати аллақандай фашистик (бошқа сўз уларнинг қилмишини ифодалаб беролмайди) тизим ўрнатди. Одамларни пашша ўрнида кўрмадилар. Хўрладилар, мулкларини тортиб олдилар, мисли кўрилмаган қийноқларга солдилар, ўлдириб ҳам юбордилар. Қийноқларнинг Сталин замонида кечган усулларини қўлладилар. Уларни янада янги “поғона”ларга кўтардилар.

— Тирноқларимни суғуриб олдилар, — деб зориллаб эслайди уларнинг қўлига тушган бир бегуноҳ. — Ҳаммасини баравар суғурсалар ҳам майли эди, ҳар куни биттасини суғурадилар…

Ҳатто ҳокимларга ҳам тазйиқ ўтказилди. Бу юртда улар ҳам ишлашдан безиб қолди. Ноилож ишдан кетиш ҳақида ариза ёздилар.

Мустақилликдан одамларнинг кўнгли ­қолди.

Битта-ярим танишлар менга ҳам таъна қила бошлади: “Ана сиз орзу қилган ­истиқлол…”.

Рости, мен ҳам бебахт яшадим. Газета-журналларда ёзганларимни нашр этиш нари турсин, исм-фамилиямни ҳам ўчириб ташлайдиган бўлишди. Мен нима қилган эдим? Бир кўрсатувда “Бировлар ҳаром-хариш йўл билан пул тўплаяпти. Пайти келгач, пулини кўтариб, хорижга жўнаб кетади” деган рост гапни айтган эдим, холос. Бу кўрсатув туфайли телевидениедаги неча-неча ижодкорлар жазоланди, ишдан кетди…

Тан олайлик, мустақилликнинг илк даврида янги тизимли мамлакатни бунёд этиш, ночорликдан қутулиш учун бир қадар қаттиққўллик ҳам зарур эди. Аммо мамлакат ривожланиб боргани сари бу қаттиққўллик ўрнини адолат ўлчамларига мос йўриқлар аста-аста эгаллаб бориши кераклиги ҳам барчага аён эди. Бироқ бундай бўлмади. Чунки энг тепадаги одам ҳам найрангбозларнинг қўлида асирдай яшади. Жойларда рўй бераётган, ҳатто ўз оиласида рўй бераётган воқеалардан ҳам ғафлатда қолди. Барча адолатсизликлар сир тутилди.

Юқорида ёзганларимни ҳеч ким рад этолмайди. Уларни бор бўйича кўрсатиш учун эса неча жилдлаб китоблар ёзилса бўлади. Мен фақат бошимдан ўтказганларимнинг ва туғилган юртим Сурхондарёда рўй берган машъум воқеаларнинг бир қисминигина эслаяпман.

Авж олган муаммоларни бартараф этиш йўлларини ҳеч ким билмасди…