Instagram’да Umr.Sham – «Умр.Шам» номи билан блог юритувчи шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Элтузарнинг ички ишлар органларидаги манбаси маълум қилди. Хонанда Мубина Аббосхонова – Мубинлолони ўлдиришга ишора қилувчи видеороликни тарқатган блогер аввалроқ қўлга олинган эди.

Манба жиноят иши қайси модда бўйича қўзғатилганига аниқлик киритмади. Блогерга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Қарийб 600 минг обуначига эга блогернинг норозилигига Мубинлолонинг клипи сабаб бўлган. Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси таърифлашича, ролик қаҳрамони хонанда ижодини «миллий маънавият»га зид деб баҳолайди. Кейин эса уни ўлдириш ва жасадини яширишга ишора қилувчи саҳналарни намойиш этади.

Видеода қора пакетни судраб бориш ва кўмиш саҳналари кўрсатилган. Қаҳрамон жамиятда ўзлиги ва ор-номусини унутганлар кўплигини айтиб, яна пакетлар келтиришни сўрайди. Nemolchi.uz бу мазмун бошқа инсонларга ҳам зўравонлик таҳдиди сифатида қабул қилиниши мумкинлигига эътибор қаратган.

Ролик якунида Ўзбекистон давлат байроғи ва Ички ишлар вазирлиги байроғи намойиш этилган. Лойиҳа бундай тасвирлар ўзбошимчалик билан жазолашни гўё давлат органлари номидан амалга оширилаётгандек кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Кейинчалик видео блогер саҳифасидан ўчирилган. ИИББ тарқатган лавҳада у қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, жамоатчиликдан узр сўраган. Аввалги очиқ хабарларда ҳолат юзасидан Олмазор тумани ички ишлар органлари терговга қадар текширув ўтказаётгани айтилган эди.

Бу воқеани «нега хонандага чора кўрилмайди?» деган савол билан оқлашга уриниш масаланинг моҳиятини четга суради. Клипни танқид қилиш, ундан норози бўлиш ёки юзасидан шикоят қилиш мумкин. Аммо инсонни ўлдириш саҳнасини унга «жавоб» сифатида намойиш этишни маънавият ҳимояси деб оқлаб бўлмайди.

Маънавиятни ҳимоя қилиш даъвоси ҳеч кимга бошқа инсоннинг ҳаёти устидан ҳукм чиқариш ваколатини бермайди.

Блогер материалларида экстремизм аломатлари бор-йўқлигига тергов ва тегишли экспертиза ҳуқуқий баҳо бериши керак. Жиноят иши қўзғатилгани айб судда исботланганини англатмайди. Айни пайтда таҳдидли саҳналарни «шунчаки контент» деб енгил қабул қилиш ҳам мумкин эмас: инсон хавфсизлиги обуначилар сонидан ҳам, «биродарчилик» даъволаридан ҳам устун.