МУДОФАА БЎЛИМИ ЕРИГА КЎП ҚАВАТЛИ УЙ, ХОДИМЛАРГА ЭСА ТОР ХОНАМИ?
Учқўрғон тумани Мудофаа бўлими ходимлари бўлим ҳудудининг 30 сотихи тураржой қурилишига берилгани, шу эвазига бошланган таъмир охирига етказилмай тўхтаб қолганини айтмоқда. 80 фоиз бино яроқсиз, ходимлар эса тор ва ноқулай хоналарда ишламоқда.
Наманган вилояти Учқўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимлари номидан Элтузарга йўлланган мурожаатда бўлим ҳудудининг 30 сотих қисми тураржой қурилиши учун ажратилиши эвазига бошланган таъмирлаш ишлари охирига етказилмагани айтилмоқда. Мурожаатчиларнинг иддаосича, ходимлар бир йилдан буён муносиб иш жойисиз сарсон.
Мурожаатда келтирилишича, 2025 йил сентябрида бўлим биносида капитал таъмирлаш ишлари бошланган. Бу ишлар бўлим ер майдонининг 30 сотих қисмида тадбиркор томонидан иккита тўққиз қаватли тураржой биноси қурилиши билан боғлиқ келишув асосида амалга оширилиши айтилган.
Бироқ мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, қурувчилар бир-икки ой ишлаган, таъмирнинг ҳатто 30 фоизи ҳам бажарилмай, ишлар тўхтаб қолган.
«Том қисмига ҳеч қандай ўзгартириш киритмасдан, 10-15 та рейка қўшиб қоқиб, шифер ўрнига профнастил қоқишди. Ички бино оралиқлари бузилиб, хоналарга ўзгартириш киритилди ва шу билан қурилиш тўхтатиб қўйилди», – дейилади мурожаатда.
Ходимларнинг айтишича, шундан сўнг қурувчи девор тортиб, ўзига тегишли деб ҳисоблаётган ҳудудни ажратиш ҳаракатини бошлаган. Таъмир нега тўхтагани сўралганда эса, ерни ажратиш билан боғлиқ муаммо сабаб қилиб кўрсатилган.
«Бўлимнинг саф майдони ва техникаларни сақлаш учун фойдаланиладиган ҳудудини бинони таъмирлаш эвазига тураржой қурилишига бериш қандай асосланган?» – дея савол беради мурожаатчилар.
Улар ушбу майдон бўлимнинг сафарбарлик билан боғлиқ вазифалари учун зарурлигини таъкидлаб, ҳудуд қисқариши хизмат фаолиятига қандай таъсир қилиши ўрганилишини сўрамоқда.
Мурожаатда иш шароитлари бўйича ҳам жиддий эътирозлар билдирилган. Ходимларнинг иддаосича, бинонинг 80 фоиз қисми фойдаланишга яроқсиз ҳолда қолган. Таъмир даврида улар туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига кўчиб ишлашга мажбур бўлган, охирида эса тор хонага жойлашган.
«Қурилиш бошланганига бир йилдан ўтди, ҳадемай қиш фасли кириб келмоқда», – дея ўз хавотирини билдирган мурожаатчилар.
Улар раҳбарият асосан чақирув ва сафарбарлик чақируви резерви – СЧР кўрсаткичларини талаб қилиши, ходимларнинг иш шароитига эса етарли эътибор берилмаслигини айтмоқда. Мурожаатда СЧР бўйича қарийб 4 миллиард сўм тушум таъминланиши ҳақида даъво келтирилган, аммо бу маблағнинг қайси даврга тегишли экани кўрсатилмаган.
Шунингдек, мурожаатчилар ҳарбий машғулотлар, йиғинлар ва хабар бериш участкалари бўйича ҳисоботлар амалдаги ҳолатга мос келмаслигини, айрим зарур инвентарлар етишмаслиги, мавжудларини сақлашга эса ходимлар ўз ҳисобидан маблағ сарфлаётганини иддао қилмоқда.
Ходимлар Мудофаа вазирлигидан ер ажратишга оид ҳужжатлар, тадбиркорнинг таъмирлаш бўйича мажбуриятлари ва ишлар нега тўхтаб қолганини ўрганишни, бўлимда муносиб хизмат шароитини тиклашни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг