ШАРҚҚА ҚАРАМЛИК: ТУРКМАНИСТОН ЭКСПОРТИНИ ЭМАС, ИМКОНИЯТЛАРИНИ ДИВЕРСИФИКАЦИЯ ҚИЛМОҚДА
Туркманистон ТАПИ ва Транскаспий қувурлари орқали газ экспорт йўналишларини диверсификация қилишга уринмоқда, аммо Хитойга энергия чиқаришдаги юқори даражадаги боғлиқлик унинг иқтисодий суверенитети ва музокаралар мавқеи учун жиддий хатарлар туғдирмоқда.
Ашхобод хомашё бозорларида фаол ҳаракат қилмоқда. Октябрь ойида Туркманистоннинг миллий газ компанияси — «Туркмангаз» мамлакатнинг шарқий чегарасидан Афғонистоннинг Ҳирот шаҳригача борадиган ТАПИ газ қувурининг биринчи қисми 2026 йил охиригача қуриб битказилишини эълон қилди. ТАПИ қувурининг қарийб 80 фоизи тайёр бўлган бир пайтда, «Туркмангаз» раиси ўринбосари Мират Арчаев режалаштирилаётган Транскаспий газ қувурини ҳам устувор йўналиш деб атади. Бундан ташқари, шу ой охирида Ашхободда 400 дан ортиқ иштирокчини жалб этиши кутилаётган йирик нефть ва газ форуми ўтказилади.
Туркманистон савдо йўналишларини диверсификация қилаётгани аниқ бўлса-да, унинг танлов имкониятлари кенгаяётгани йўқ. Хитой ҳали ҳам Туркманистон газ экспортининг қарийб 90 фоизини харид қилмоқда. Хитой миллий нефть корпорацияси — CNPC эса ҳозирда «Галқиниш» табиий газ конини ўзлаштиришнинг тўртинчи босқичини, жумладан, йиллик қуввати 10 миллиард куб метр бўлган газни қайта ишлаш заводини барпо этмоқда. Хитойга газ экспорт қилувчи тўртинчи қувур тармоғини қуриш ушбу йўналишдаги экспорт ҳажмини қарийб 30 миллиард куб метрдан тахминан 65 миллиард куб метрга етказиши кутилмоқда.
Шундай қилиб, Транскаспий ва Трансафғон газ қувурлари ҳақидаги музокараларга қарамай, Ашхобод Хитойга қарамлигини янада чуқурлаштираётгандек кўринади. Чунки экспортнинг янада ошиши Пекиннинг харидор сифатидаги музокара мавқеини мустаҳкамлайди. Қолаверса, бундай ҳолат илк бор юз бераётгани йўқ. Туркманистон аввал ҳам шунга ўхшаш тарзда Россияга қарам бўлган. Бироқ Россия 2010 йилда газ харидини қисқартирди ва 2016 йилга келиб Туркманистон газини сотиб олишни бутунлай тўхтатди. Хитой худди шундай йўл тутмаслиги мумкин, аммо музокаралардаги устунликнинг ортиши унга савдо шартларини белгилаш имконини беради. Бу эса Туркманистоннинг иқтисодий суверенитети ва барқарорлигига путур етказиши мумкин.
Туркманистон режалаштираётган савдо йўналишларини диверсификация қилиш жараёнининг ўзида ҳам муаммолар бор. ТАПИ қувури қурилиши муҳим босқичга яқинлашаётган бўлса-да, Туркманистон гази Жанубий Осиёга қачон етиб бориши бўйича аниқ сана йўқ. Лойиҳанинг 2027 йилги молиялаштирилиши ҳам ҳали муҳокама қилинмоқда. Қувурни Ҳиротдан кейинги ҳудудларга узайтириш бўйича аниқ муддатлар белгиланмаган. Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ўртасида давом этаётган чегаравий кескинлик билан боғлиқ хатарлар ҳам баҳоланмаган.
Транскаспий йўналиши ҳам Озарбайжон ва Туркманистон ўртасида Каспий денгизидаги ҳудудий сувларни чегаралаш бўйича ҳал этилмаган келишувга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Боку ва Ашхобод сўнгги бир йил ичида икки томонлама алоқаларини сезиларли даражада мустаҳкамлаб, қатор савдо битимларини имзолаган бўлса-да, 2018 йилдан буён ҳал этилмаган денгиз тубини чегаралаш масаласи ҳамон муҳокамада қолмоқда ва амалда ғарбий йўналишдаги силжишга тўсқинлик қилмоқда.
Хитойга бир томонлама қарамликни камайтириш учун Ашхобод ўзининг кўпинча ёпиқ қоладиган экспорт маълумотлари шаффофлигини ошириши ҳамда бошқа газ қувурларини молиялаштиришга кўмаклашадиган хитойлик бўлмаган инвесторларни излаши керак. Бу борада Бирлашган Араб Амирликлари каби Форс кўрфази давлатлари ишончли ҳамкор бўлиши мумкин. Масалан, жорий йилда БАА Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темир йўлига сармоя киритишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу мамлакатнинг мавжуд хатарларга қарамай, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги инфратузилмани ривожлантиришга қизиқишини кўрсатади.
Бундан ташқари, Туркманистон икки муқобил йўналишдаги дипломатик тўсиқларни бартараф этишга интилиши лозим. Бунинг учун Озарбайжон билан денгиз тубини чегаралаш масаласини тезроқ ҳал этиши ва Трансафғон газ қувурига таъсир қилиши мумкин бўлган чегара можаролари хатарларини пухта баҳолаши керак. Бунга эришиш Ашхободга экспорт бозорларини диверсификация қилиш ва Пекинга қарамликни камайтириш имконини бериш билан бирга, минтақавий экспорт йўналишларини қайта шакллантиришга ҳам ёрдам беради. Айниқса, Қозоғистон каби давлатлар инфратузилмаси мунтазам равишда Украина дронлари ҳужумларидан зарар кўраётган Россияни четлаб ўтувчи таъминот занжирларига ўтишга интилаётган бир пайтда бу муҳим аҳамиятга эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг