Жаҳоннинг энг қудратли давлатлари рейтингида Қозоғистон 34-ўринни, Ўзбекистон эса 71-ўринни эгаллади. Икки қўшни мамлакат ўртасидаги 37 поғоналик тафовут ортида нималар турибди?

World Population Review эълон қилган рейтингда Қозоғистон ҳатто Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Норвегиядан юқори жойлашган. Ўзбекистон эса 71-поғонада.

Албатта, рейтинг методологияси тўлиқ шаффоф эмас. Шунинг учун уни давлатлар қудратининг мутлақ мезони деб бўлмайди. Аммо натижа бир саволни ўртага қўяди: нега халқаро майдонда тобора фаоллашаётган Ўзбекистоннинг таъсири бундай баҳолашда нисбатан паст кўринмоқда?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон расмий ахборот майдони анча фаоллашди: президентнинг хорижий сафарлари, олий даражадаги учрашувлар, миллиардлаб долларлик инвестиция келишувлари ва стратегик шериклик битимлари мамлакат сиёсий кун тартибини тўлдирди.

Ҳар бир ташриф — тарихий. Ҳар бир учрашув — янги босқич. Ҳар бир меморандум — улкан ютуқ.

Аммо дипломатиянинг ҳақиқий самараси имзоланган қоғозлар сони билан эмас, уларнинг иқтисодий ва сиёсий натижалари билан ўлчанади.

Қозоғистон халқаро таъсирини нефть, уран, транспорт йўлаклари ва кўп векторли ташқи сиёсат орқали мустаҳкамлаб келмоқда. Ўзбекистон эса қарийб 39 миллион аҳолиси, олтин ва уран захиралари, ўсиб бораётган иқтисодиётига қарамай, ўз салоҳиятини халқаро таъсирга айлантиришда ҳали унчалик катта муваффақият қозона олгани йўқ.

Муаммо фақат ташқи сиёсатда эмас.

Халқаро нуфуз ички бошқарув сифатидан ҳам озиқланади. Мулк дахлсизлиги, мустақил суд, коррупцияга қарши кураш, эркин рақобат ва давлат институтларининг ишончлилиги мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигига бевосита таъсир қилади.

Президентнинг шахсий дипломатияси қанчалик фаол бўлмасин, у мустаҳкам институтларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

Ўзбекистонда эса ташқи сиёсий муваффақиятлар кўпинча учрашувлар ва ваъдалар миқёсида тақдим этилади. Эълон қилинган миллиардларнинг қанчаси реал инвестицияга айлангани, қанча иш ўрни яратилгани ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги қай даражада ошгани ҳақидаги ҳисоботлар эса ҳамиша ҳам шундай шов-шув билан муҳокама қилинмайди.

Аслида, мамлакатнинг халқаро қудратини хорижий раҳбарларнинг қучоқ очиб кутиб олиши ёки тантанали маросимлар эмас, унинг иқтисодий мустақиллиги, технологик салоҳияти ва сиёсий таъсири белгилайди.

Қозоғистоннинг 34-ўринда, Ўзбекистоннинг 71-ўринда экани Остона барча соҳада Тошкентдан устунлигини англатмайди. Аммо бу тафовут расмий тарғибот билан мустақил ташқи баҳолашлар ўртасидаги фарқни муҳокама қилиш учун жиддий сабабдир.