БИШКЕКЛИК ЖУРНАЛИСТ: ЎЗБЕКИСТОНДА ЎЗБЕК ТИЛИ ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ТИЛ ЭКАН
Бишкеклик журналист Тошкентга сафари давомида шаҳар инфратузилмаси, метроси ва жамоат транспортига ҳавас билан қарар экан, хизмат кўрсатиш соҳасида рус тили устуворлиги ва ўзбек тили мавқеи борасидаги кутилмаган таассуротларини баён қилади.
Тошкент бу сафар мени нимаси билан ҳайрон қолдирди ва нималарга ҳавасим кетди…
Албатта, кенг кўчалари, ҳар бир кўчада автобуслар учун алоҳида йўл борлиги ва уларнинг зувиллаб юриши ҳавасимни келтирди.
Деярли бўш автобусларни кўриб, Бишкекдаги доим одамга тўла, машиналар орасида тирбандликда юрувчи автобусларни эсладим.
Тошкентда автотирбандликларни катта муаммо дейишди. Мен эса бир ҳафта ичида тирбандликка дуч келмадим. Тошкентликларга улар айтаётган тирбандликлар Бишкекдаги тирбандлик олдида ҳеч гап эмас, десам, ишонишмагандек бўлишди.
Ва албатта, метро. Биз, бишкекликлар, метроси бор ҳар қандай шаҳарга ҳавас қиламиз.
Тошкентнинг ер ости ва ер усти метроси шаҳарнинг деярли барча қисмини қамраб олган. Қандай яхши!
Бу сафар Тошкентда қора рангли машиналарни кўп учратдим. Йўлларда фақат оқ ва қора машиналар юрибди. Охирги марта 2020 йилда келганимда, адашмасам, фақат оқ машиналар юрарди.
Мен асосан, шаҳар марказида бўлдим ва таъсуротларим ҳам шунга яраша эканини белгилаб қўйишим жоиз.
Мени энг ҳайрон қолдиргани ва энсамни қотиргани, одамларнинг кўпроқ рус тилида гаплашиши бўлди. Бу ҳолат чиндан ҳам ғалати сезилди.
Чунки биз Ўзбекистонда ўзбек тили биринчи ўринда туради, мамлакат она тилига ғамхўрлик қилиш борасида бошқаларга намуна бўла олади, деб ўйлардик. Бу тасаввурим ўзгарди.
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги мулоқотлар ва эълонлар асосан рус тилида экан. Айрим ресторанларда ўзбек тили умуман ишлатилмаслигига, одамларнинг имкон қадар русча гапиришга ҳаракат қилишига ҳайрон қолдим.
Она тилининг мавқеини оширишга интилиш борасида Бишкек Тошкентдан илғорроқ экан, деб ўйлаб қолдим.
Тошкентдан миллий кийим сотиб олдим. Аммо бир нечта киши “Бундай кийимларни кийганларга жамиятда қолоқлик белгиси сифатида қарашади”, дейишди. Ҳайрон бўлдим, лекин кўчада бошимга дўппи, эгнимга чопон кийиб юрдим. Айрим ҳолларда эса чиндан ҳам менга энсаси қотиб қараганларга дуч келдим.
Ислом маданий маркази ва марказ атрофи эса мен энг ҳавас қилган жой бўлди. Уни сўз билан етказа олмайман. Қўшнилар зўр иш қилишибди!
Хуллас, Тошкентдаги бу галги таассуротларим шундай. Албатта, яхши таассуротларим кўпроқ.
(Санжар Эралиевнинг Фейсбук саҳифасидан олинди)
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг