Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги собиқ вакили Азизбек Тоштемиров агентлик директори Беҳзод Мусаевга қарши навбатдаги жиддий иддаоларни эълон қилди. Бу сафар у Корея ва Японияга ишга юборилган фуқаролар сони, хорижий хизмат сафарларининг самарадорлиги ҳамда расмий ҳисоботлардаги рақамлар ўртасидаги тафовутни савол остига олди. Элтузар очиқ манбаларни солиштирганда айрим рақамлар бўйича ҳақиқатан ҳам изоҳ талаб қиладиган катта фарқ борлигини кўрди. Бироқ Тоштемиров билдирган барча хулосаларни мустақил тасдиқлаш имкони бўлмади.

Азизбек Тоштемиров 8 август куни ўзининг «Koreya 24 soat» Telegram каналида бир неча пост эълон қилиб, Беҳзод Мусаев раҳбарлигидаги Миграция агентлиги меҳнат миграцияси натижаларини сунъий равишда юқори кўрсатаётганини даъво қилди.

Унинг асосий эътирози Жанубий Кореяга юборилган ўзбекистонликлар статистикасига тааллуқли.

Тоштемиров қуйидаги динамикани келтирган:

  • 2021 йил – 311 нафар;
  • 2022 йил – 4 288 нафар;
  • 2023 йил – 4 882 нафар;
  • 2024 йил – 3 080 нафар;
  • 2025 йил – 2 119 нафар;
  • 2026 йил – август бошигача тахминан 700 нафар.

Унинг талқинича, Кореяга ишчи юборишдаги энг юқори натижалар 2022–2023 йилларда қайд этилган, 2024 йилдан, яъни Беҳзод Мусаев агентлик раҳбарлигига келган даврдан эса кўрсаткич кескин пасая бошлаган.

Бу ерда Тоштемиров келтирган рақамларнинг камида бир қисми очиқ манбалар билан мос келади.

Миграция агентлиги вакиллари 2025 йил январда 2023 йили Жанубий Кореяга E-9 визаси билан 4 878 нафар, 2024 йилда эса 3 080 нафар ўзбекистонлик борганини тасдиқлаган. Яъни Тоштемиров келтирган 2023 йил рақами билан фарқ атиги тўрт кишини ташкил этади, 2024 йил кўрсаткичи эса тўлиқ мос.

Аммо пасайишни фақат Беҳзод Мусаев фаолияти билан боғлаш учун ҳозирча етарли асос йўқ.

Агентликнинг ўзи бу ҳолатни Кореядаги иқтисодий вазият, айрим иш берувчи корхоналарнинг банкрот бўлиши ҳамда ўзбекистонлик мигрантларнинг иш жойини асоссиз тарк этиш ҳолатлари кўпайиши билан ҳам изоҳлаган. Шу даврда Непалдан қабул қилинган меҳнат мигрантлари сони ҳам 19 758 нафардан 7 081 нафарга тушгани мисол қилиб келтирилган.

Шундай экан, Кореяга юбориш кўрсаткичи пасайгани – факт.

10 120 НАФАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛГАН?

Можаронинг энг жиддий ва ҳалигача жавобсиз қолган қисми эса бошқа рақам билан боғлиқ.

Элтузар 29 июнь куниёқ Тоштемиров тақдим этган ҳужжатларга таяниб, Миграция агентлигининг 2024 йил бўйича ҳисоботида Жанубий Кореяда 10 120 нафар фуқаро ишга жойлаштирилгани кўрсатилгани ҳақида ёзган эди.

Айни пайтда Кореяга E-9 меҳнат визаси билан кирган ўзбекистонликлар сони атиги 3 079–3 080 нафар бўлган.

Демак, икки кўрсаткич ўртасида 7 МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД ФАРҚ (!) бор.

Тоштемиров аввалги чиқишларида агентлик 2021–2023 йилларда Кореяга кетган айрим фуқароларни 2024 йилда гўё қайта ишга жойлаштирилгандек ҳисобга қўшганини даъво қилган.

Миграция агентлиги ҳам ҳозиргача 10 120 рақами қандай методология асосида ҳисобланганини очиқ ва батафсил тушунтиргани йўқ.

Агар 10 120 нафар ичига янги юборилганлардан ташқари Корея ҳудудида қайта ишга жойлаштирилган, иш жойини алмаштирган ёки аввалдан у ерда бўлган фуқаролар ҳам киритилган бўлса, буни жамоатчиликка очиқ айтиш мумкин.

Аммо «Кореяга юборилди», «Кореяда ишга жойлаштирилди» ва «Корея ичида қайта ишга жойлаштирилди» – статистик нуқтаи назардан уч хил кўрсаткич.

Уларни битта рақамга айлантириш давлат раҳбарияти ёки жамоатчиликка миграция натижалари ҳақида нотўғри тасаввур бериши мумкин.

ЯПОНИЯДАГИ «10 МИНГ» ВА АМАЛДАГИ НАТИЖА

Тоштемиров янги чиқишида Япония йўналишини ҳам мисол қилиб келтирди.

Миграция агентлиги 2025 йил 2 июнь куни Япониянинг JCAEMCE ташкилоти билан «Японияга 10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш» лойиҳаси бошланганини расман эълон қилган. Агентлик бу лойиҳа доирасида Тошкент, Самарқанд ва Наманганда япон тили ва касбий тайёргарлик курслари очилишини маълум қилган.

Очиқ хабарларда мазкур 10 минг нафар мутахассисни жалб қилиш режаси беш йиллик дастур экани қайд этилган. Шу сабабли 10 минг рақамини бир йиллик мажбурият сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди.

Бироқ Тоштемировнинг «катта рақам билан эълон қилинган лойиҳанинг бугунгача амалий натижаси қанча?» дея савол қўйиши асосли деб ўйлаймиз.

У 2026 йилнинг биринчи ярмида Японияга юборилганлар сони 20 нафарга ҳам етмаганини даъво қилмоқда.

Агентлик 2026 йил апрелида Япониядаги 19 нафар ўзбекистонлик ҳақида видеолойиҳа эълон қилган, шунингдек Японияга айрим гуруҳлар юборилгани ва янги ўқув дастурлари очилгани ҳақида хабарлар берган.

Аммо 2025 йил июнда эълон қилинган айнан «10 минг нафар» лойиҳаси бўйича қанча киши ўқишни тугатгани, қанчаси шартнома олгани ва қанчаси амалда Японияга кетгани ҳақида ягона очиқ ҳисоботни топиш қийин.

Шунинг учун Агентлик бу лойиҳа бўйича босқичма-босқич ҳисобот берса, баҳсга аниқлик киритилар эди.

16 ТА ХОРИЖИЙ САФАР ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРДИ?

Тоштемиров Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилган даврда Латвия, Литва, Россия, Қатар, Қувайт, Саудия Арабистони, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Словения, Словакия, Франция, Италия, Туркия, Германия ва Болгария каби давлатларга хизмат сафарлари амалга оширилганини ҳам тилга олди.

У 16 та халқаро ташрифга умумий ҳисобда 1,6–2,4 миллиард сўм сарфланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Тоштемиров кўтарган KPI масаласи ҳам ўринли: хизмат сафари натижаси учрашувлар сони билан эмас, қанча фуқаро реал ишга жойлашгани билан ўлчаниши керак.

Агентликнинг ўзи 2025 йилда 17 давлатдаги 105 та ташкилот билан музокаралар ўтказилгани, 100 дан зиёд икки томонлама учрашув ташкил этилгани ва бир қатор давлатлар билан келишувларга эришилганини билдирган.

Хўш, мазкур музокара ва ташрифларнинг ҳар бири ортидан нечта реал иш ўрни яратилди?


Элтузар Миграция агентлиги, Беҳзод Мусаев ва бошқа ваколатли идораларнинг ушбу саволлар юзасидан аниқ ва ҳужжатларга асосланган муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.