НЕГА ЕВРОПАЛИКЛАР РОССИЯ ДАВЛАТЧИЛИГИ ВА ДАВЛАТНИ БОШҚАРИШ САНЪАТИНИ ТУШУНИШДА ҚИЙНАЛАДИ?
Мақолада Европа ва Россия ўртасидаги ўзаро «қарши образ» тушунчаси, Ғарбнинг агент-марказли ёндашуви ҳамда рус давлатчилигининг туркий-мўғул илдизларга бориб тақалувчи гибрид Тузилмаси таҳлил этилади.
Юқоридаги саволга жавоб излар экан, Кембриж университети олими Айше Заракол шундай таъкидлайди:
«Асрлар давомида руслар бир томондан ўзларини Европа билан боғлашга интилган бўлса, иккинчи томондан Европани ўзларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилиб келган. XVIII асрда Россия подшоси Пётр I ўз салтанатини Ғарб андозасида қайта қуришга уринди: Европа кийиниш услублари, ҳарбий амалиётлари, меъморчилик услублари ва бошқа кўплаб одатларни қабул қилди. Бу эса ислоҳот ва янгиланишларнинг такрорланувчи даврларига, шу билан бирга, Ғарбий Европа одатлари ва қарашларини қабул қилишни жирканч ва ҳатто бидъат деб билган маданий консерваторларнинг кескин қаршилигига олиб келди».
Айни пайтда кўплаб европаликлар Россияни, Усмонийлар Туркияси билан бир қаторда, ўзига хос «қарши образ», яъни Ғарбий Европанинг турли давлатлари ва халқлари ўзларининг умумий идентификациясини шакллантириши мумкин бўлган «бегона» сифатида кўрган.
Интеллектуал тарихчи Георгиос Варуоксакис ёзганидек, «Ғарб» деган тушунчанинг ўзи XIX асрда, камида қисман, Россия ва Туркияни ундан ташқарида қолдириш мақсадида пайдо бўлган. Чунки ҳар икки давлат географик жиҳатдан Европанинг бир қисми эди. Шу сабаб уларни аъзо сифатида қабул қилмайдиган цивилизацион гуруҳ учун янги ном зарур бўлган.
Бир вақтнинг ўзида икки ҳақиқат мавжуд бўлиши мумкин.
Бир томондан, Россияни Евроосиё даштлари билан боғлашнинг ўзи сиёсий ҳаракатдир. Европаликлар Россияни шу тарзда тасвирлаб, ўзларини Россиянинг хатти-ҳаракатларидан ажратишга ва Европани замонавийликнинг олдинги сафида турган, **«Шарқ»**нинг гўёки орқада қолганлиги ёки носоғлом хусусиятларидан фарқ қиладиган макон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган.
Агар Россия ёмон иш қилса, бу унинг ибтидоий ва шафқатсиз «осиёлик томони»нинг айби сифатида талқин қилинган. Бу қараш эса Ғарб давлатлари худди шундай шафқатсизликка қодир эмас, деган қулай афсонани яратиб берган.
Руслар Евроосиё ғоясини қабул қилганда ҳам улар сиёсий лойиҳада иштирок этаётган бўлади – бу Европа ва Ғарбни рад этиш лойиҳасидир. Путин ва унинг иттифоқчилари Ғарбни таназзулга юз тутган, заифлашаётган ва ахлоқан бузилган макон сифатида тасвирлайди.
Ушбу мақола юқоридаги фикрлар орқали Россия давлатчилиги ва давлатни бошқариш санъатининг ўзига хос гўзаллиги ва мураккаблигини, унинг илдизлари эса туркий-мўғуллардан мерос бўлиб қолган, фақат Россияга хос гибрид табиатда эканини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Европаликларнинг Россия давлатчилиги ва давлатни бошқариш санъатини тушунишда қийналиши ҳақида гап кетганда, шуни айтиш мумкинки, Ғарбдаги кўплаб тадқиқотчилар агент-марказли назарий ёндашувга қаттиқ таяниб, Россияда ўз табиатига кўра на европача ва на ғарбча бўлган сиёсий-ижтимоий Тузилма мавжудлигини эътибордан четда қолдирадилар.
Қачонки ушбу Тузилма билан уни бошқараётган агент ўртасидаги муносабат бузилса, агент бошчилигидаги режим илдизи билан суғуриб ташланади ва унинг ўрнига айнан шу Тузилмага мос янги агент келади.
Рюриковичлар Европа томон йўналиш ола бошлаганда, уларнинг ўрнини Романовлар эгаллади.
Романовлар эса ҳам биологик, ҳам мафкуравий жиҳатдан европалашиб кетгач, улар ўлдирилди, уларнинг режими йўқ қилинди ва унинг ўрнини мутлақо Ғарбга қарши бўлган совет тузуми эгаллади.
Кейин Горбачёв Ғарб билан «ишқий муносабат» бошлади ва унинг режими СССР билан бирга ҳалокатга учради.
Ғарб ва Россия ўртасида тенгсиз «муносабат» ҳукм сурган ичкиликбоз Ельциннинг ўн йиллик бошқарувидан сўнг эса юқорида тилга олинган Тузилма Ельцин номли агентни ўзининг маҳсули – Путин билан алмаштирди.
Натижада, ушбу Тузилма ва Путин бир-бирини ўзаро шакллантирувчи кучларга айланиб, Россияни яна европача бўлмаган ва ғарбча бўлмаган давлатга айлантирди…
Бу Тузилманинг кўплаб намоён бўлиш шакллари ва номлари мавжуд.
Унинг манбалари ҳам моддий – масалан, географик жойлашув, инсон ресурслари, тарихий тажрибалар – ҳам ғоявий, яъни сиёсий ва стратегик маданият каби омиллардан иборат.
Бу омиллар Россияда агент ва Тузилма ўртасидаги муносабатларга, шунингдек, қарор қабул қилиш ва сиёсат ишлаб чиқиш жараёнларига бевосита таъсир кўрсатади.
Ушбу постда тилга олинган ҳолатлар тасодиф эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг