Россияда Украинага қарши урушнинг якунланиш муддати ҳақида яна бир янги сана тилга олинди. Россия Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант ва 58-армиянинг собиқ қўмондони Виктор Соболев Россия Украинадаги «махсус ҳарбий операция»ни 2030 йилгача тўлиқ якунлаши керак, деган фикрни билдирди.

Соболевнинг таъкидлашича, бу шунчаки урушни тугатиш эмас, балки Россия қуролли кучларининг «мутлақ ғалабаси» билан якунланиши лозим.

Генерал бу муддатни Украинадаги вазиятдан кўра кенгроқ – Россия ва НАТО ўртасидаги эҳтимолий келажак қарама-қаршилиги билан боғламоқда. Унинг фикрича, Польша, Германия, Франция, Буюк Британия, Финляндия, Швеция, Норвегия ва бошқа НАТО давлатлари ўз армияларини кучайтирмоқда ва Россия билан эҳтимолий тўқнашувга тайёргарлик кўрмоқда. Шу сабаб Москва 2030 йилга қадар Украина масаласини ҳал қилиб, кейин қуролли кучларини бошқа стратегик йўналишлардаги хавфларга мослаштириши керак, деб ҳисоблайди Соболев.

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш тугагач, Россия армиясини «ҳар қандай геосиёсий рақибнинг агрессиясини ҳар қандай стратегик йўналишда қайтаришга тайёр» ҳолатга келтириш талаб этилади.

Қизиғи, 2030 йил атрофидаги муддат фақат Москвада тилга олинаётгани йўқ.

НАТО раҳбарияти ҳам сўнгги йилларда Россия билан эҳтимолий тўқнашувга тайёргарлик учун айнан шу даврни муҳим деб кўрсатмоқда. НАТО бош котиби Марк Рютте Россия бир неча йил ичида НАТО ҳудудига қарши ҳарбий куч ишлатиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Германия ҳарбий раҳбарияти эса армияни 2029 йилга қадар Россиядан келиши мумкин бўлган таҳдидга қарши тайёр ҳолатга келтириш зарурати ҳақида гапирган.

Шундай қилиб, ғаройиб вазият юзага келмоқда. НАТО Россия 2029–2030 йилларга бориб янада катта ҳарбий хавф туғдириши мумкин деб тайёргарлик кўрса, Россиядаги генерал НАТО айнан шу йилларга бориб Россия билан урушга тайёр бўлади, деб ҳисоблайди.

Бу ўзаро хавф тасаввури Европада янги қуролланиш пойгасини тезлаштирмоқда. НАТО шарқий қанотдаги кучларини мустаҳкамламоқда, Европа давлатлари мудофаа харажатлари ва қурол ишлаб чиқаришни оширмоқда. НАТОнинг 2026 йилги Анқара саммитида ҳам коллектив мудофаа ва Украинага ҳарбий кўмак асосий масалалардан бири бўлди.

Бироқ Соболевнинг баёнотида муҳим бир жиҳат бор: 2030 йил Россия ҳукумати ёки Кремль расман белгилаган урушни тугатиш санаси эмас. Бу – Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси аъзосининг шахсий ҳарбий-сиёсий баҳоси.

Шунга қарамай, бундай баёнот Россия сиёсий элитасининг камида бир қисми Украина уруши яқин ойларда тугашини эмас, балки яна бир неча йил давом этиши мумкин бўлган узоқ муддатли қарама-қаршиликни сценарий сифатида кўраётганини кўрсатади.

Россия 2022 йил февраль ойида Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаганини ҳисобга олсак, уруш ҳақиқатан ҳам 2030 йилгача чўзилса, унинг давомийлиги саккиз йилдан ошиб кетади.

Шунинг учун Соболев айтган «2030» оддий календардаги сана эмас. У Европа хавфсизлигида тобора кўпроқ кўзга ташланаётган хавфли тенденцияни кўрсатади. Москва ҳам, НАТО ҳам келгуси бир неча йилни тинчликка қайтиш даври сифатида эмас, балки янада каттароқ ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик даври сифатида кўра бошламоқда.