ЕВРОПА РАЗВЕДКАСИ РОССИЯНИНГ НАТО ДАВЛАТЛАРИГА ҲУЖУМГА ТАЙЁРЛАНАЁТГАНИНИ КЎРМАЯПТИ
ЕИнинг юқори мартабали вакилига кўра, Европа разведка хизматлари ҳозирча Россиянинг НАТОга аъзо Европа давлатларига тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужумга тайёрланаётганини тасдиқловчи аломатларни кўрмаяпти, аммо гибрид босим ва провокациялар давом этмоқда.
Европа разведка хизматлари Россия НАТОга аъзо Европа давлатларига ҳарбий ҳужум қилишга тайёрланаётганини кўрсатувчи белгиларни ҳозирча қайд этмаган. Бу ҳақда AFP агентлиги Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакилига таяниб хабар берди.
ЕИ расмийсининг айтишича, Европа махсус хизматларининг Россия томонидан тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужум хавфи ҳақидаги баҳоси ўзгармаган.
«Умуман олганда, Европа хизматлари Россиянинг Европа мамлакатларига ҳужум қилиш хавфини кўрмаяпти ва бу борадаги баҳолар ўзгаргани йўқ», – деган исмини ошкор этмаган ЕИ вакили.
Бу баёнот Россия ва НАТО ўртасида эҳтимолий тўқнашув хавфи ҳақидаги муҳокамалар кучайган бир пайтда янгради.
Аввалроқ The Wall Street Journal нашри Россия яқин бир неча йил ичида НАТОнинг жавоб реакциясини синаб кўриш мақсадида альянсга аъзо давлатлардан бирига «чекланган ҳужум» уюштиришга уриниши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Шунингдек, хабарларда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф Москвага ташрифи чоғида Россия раҳбариятини НАТО давлатларига қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари ҳақида огоҳлантирган бўлиши мумкинлиги айтилган.
Бироқ Европа Иттифоқи вакилига кўра, ҳозирги разведка маълумотлари Россиянинг Европа давлатларига қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужумга тайёргарлик кўраётганини тасдиқламайди.
Шу билан бирга, Брюссель Москва томонидан Европа давлатларига нисбатан гибрид босим ва турли провокациялар давом этаётганини таъкидламоқда.
ЕИ вакилининг сўзларига кўра, айниқса альянснинг шарқий қанотидаги давлатлар бундай хавфларга нисбатан кўпроқ заиф ҳисобланади.
«Биз бу гибрид, баъзан эса унчалик ҳам гибрид бўлмаган ҳужумлар давом этаётганини кузатяпмиз. Улар келгусида ҳам давом этиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», – деган Европа Иттифоқи расмийси.
Россия ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри уруш хавфи ҳақидаги баҳолар сўнгги йилларда Европа хавфсизлиги бўйича асосий мунозара мавзуларидан бирига айланган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг