Meta Platforms компанияси Facebook ва Instagram ўсмирларни ижтимоий тармоқларга қарам қилиб қўядиган тарзда ишлаб чиқилгани ҳақидаги даъволарни ҳал қилиш учун АҚШнинг деярли барча штатлари билан 18 миллиард долларгача бўлган келишувга эришди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Келишувга кўра, Meta келгуси ўн йил давомида ўсмирларнинг Instagram ва Facebook’дан фойдаланишини жиддий чеклаши керак бўлади.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири – ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан кунлик фойдаланиш икки соат билан чекланиши. Шунингдек, ота-она розилигисиз тунги 00:00 дан эрталаб соат 06:00 гача Facebook ва Instagram’дан фойдаланиб бўлмайди.

Мактаб вақтида – соат 08:00 дан 15:00 гача – ўсмирларга юбориладиган аксар хабарномалар ҳам ўчирилади. Компания ёш болаларнинг ёши чекланган контентга киришининг олдини олиш механизмларини кучайтиришга рози бўлган.

Meta айбини тан олмаган.

Келишув доирасида 47 штат, Вашингтон, Пуэрто-Рико ва АҚШнинг бошқа ҳудудларига умумий ҳисобда қарийб 16,7 миллиард доллар тўланиши мумкин. Калифорниянинг ўзи 2,2 миллиард, Нью-Йорк эса 1,1 миллиард доллар олиши кутилмоқда. Техас билан алоҳида, бир миллиард доллардан ортиқ келишув тузилган.

Шу билан бирга, Meta Cambridge Analytica можароси билан боғлиқ махфийлик даъволарини ҳал қилиш учун яна 459 миллион доллар тўлашга рози бўлди.

Reuters қайд этишича, келишув ижтимоий тармоқлар устидан дунё бўйлаб кучаяётган назорат фонида муҳим ўзгариш бўлиши мумкин. Австралияда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларга кириш тақиқланган, Европа Иттифоқи эса Meta’дан айрим «қарамлик келтириб чиқарувчи» функцияларни ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Бироқ келишув Meta’ни шахсийлаштирилган тавсиялар ёки мақсадли рекламадан воз кечишга мажбур қилмайди.

Флорида штати эса келишувга қўшилмади ва Meta билан судлашишни давом эттиришини билдирди.