ТОШКЕНТДА ЯШАШ ҚИММАТЛАШМОҚДА
2026 йил бошида яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 69,1 трлн сўмга етди — ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ўсди. Тошкент билан бирга вилоятларда ҳам хизматлар жадал ривожланмоқда, бу эса турмуш тарзи ва анъаналарга таъсир қилмоқда.
Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–апрел ойларида Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 69,1 трлн сўмга ошди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган. Ажабланарлиси, бу фақатгина Тошкент шаҳрида эмас, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам ушбу соҳаларнинг жадал ривожланаётгани кўриш мумкин.
Ушбу рақамлар мамлакатда хизмат кўрсатиш соҳаси кенгайиб, аҳоли турмуш тарзи ўзгараётганини кўрсатади. Бугунги кунда меҳмонхоналар, ресторанлар, кафе ва турли дам олиш масканларидан фойдаланиш оддий ҳолга айланмоқда. Агар аввал меҳмонларни асосан хонадонларда кутиб олиш анъанаси устувор бўлган бўлса, ҳозирда кўплаб оилалар меҳмонларни меҳмонхоналарга жойлаштиришни афзал кўрмоқда. Бу эса бир томондан қулайлик, хизмат сифати ва вақт тежамкорлигини таъминлайди.
Сўнгги йилларда нафақат тўй ва катта маросимлар, балки туғилган кунлар, юбилейлар, фотосессиялар, фотиҳа тадбирлари ва ҳатто кичик оилавий йиғилишларни ҳам ресторан ёки меҳмонхонада ўтказиш урфи кенгаймоқда. Баъзи шаҳарларда янги туғилган чақалоқни уйда қарши олиш ўрнига махсус залларда тадбир уюштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу ҳолат хизматлар бозори ривожланаётганини кўрсатса-да, жамият ҳаётида муайян ўзгаришларни ҳам юзага келтирмоқда.
Бу жараённинг ижобий томонлари талайгина. Аввало, меҳмонхона ва овқатланиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида минглаб иш ўринларини яратади. Туризм ривожланади, маҳаллий тадбиркорлик қўллаб-қувватланади. Шунингдек, оилалар катта меҳмон кутиш учун ортиқча оворагарчиликдан халос бўлади. Замонавий хизматлар сифати ва санитария талабларига риоя қилиниши ҳам аҳамиятли жиҳат ҳисобланади.
Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Маросимларнинг тобора кўпроқ тижоратлашуви айрим оилаларни ортиқча харажат қилишга ундаши мумкин. Ижтимоий тармоқларда кўринадиган дабдабали тадбирлар бошқа инсонларда ҳам шундай тадбир ўтказиш истагини уйғотади. Натижада баъзи оилалар ўз имкониятидан юқори харажат қилиб, қарздорликка тушиб қолиши мумкин. Масалан, оддий туғилган кунни ҳам қиммат ресторанда нишонлаш ёки меҳмонларни албатта меҳмонхонага жойлаштиришга интилиш иқтисодий босимни кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.
Яна бир жиҳат миллий қадриятлар ва қўшничилик муносабатларининг маълум даражада сусайиши. Ўзбек халқида меҳмонни хонадонда кутиб олиш, қўни-қўшни билан биргаликда тадбир ўтказиш анъаналари азалдан ижтимоий бирликни мустаҳкамлаб келган. Барча тадбирларни тўлиқ хизмат кўрсатиш муассасаларига кўчириш айрим ҳолларда ана шу ижтимоий алоқаларнинг заифлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Энг муҳими, бу жараён узоқ муддатда жамиятда табақаланиш хавфини кучайтириши мумкин. Даромади юқори қатламлар қиммат меҳмонхоналар, ресторанлар ва хизматлардан фойдаланишни одатга айлантирган сари, имконияти чекланган аҳоли қатлами ҳам улардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиши мумкин. Бу эса ижтимоий рақобат, ортиқча сарф-харажат ва молиявий босимни келтириб чиқаради.
Яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасининг ўсиши иқтисодиёт учун ижобий ҳолатдир. Бироқ хизматлардан фойдаланиш маданияти ҳам иқтисодий имкониятларга мос равишда шаклланиши муҳим. Қулайлик ва замонавийликка интилиш яхши, аммо ҳар қандай маросимнинг қадри унинг дабдабасида эмас, балки самимияти ва мазмунида эканини унутмаслик керак. Ана шунда хизматлар соҳасининг ривожланиши жамият фаровонлигига хизмат қилади, ижтимоий табақаланишнинг кучайишига эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг