Сўнгги йилларда Тошкентда кўп қаватли уйлар қурилиши жадаллашди. Аммо қурилиш суръатига мос инфратузилма шаклланмаяпти. Айниқса, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги жиддий муаммога айланиб бўлди.

Айтайлик, 200 та хонадонли уй қурилди, аммо атиги 30–40 та автомобиль учун жой ажратилди. Йўлаклар тор, «дўмлар» қалаштириб жойлаштирилган. Қолган автомобиллар қаерга қўйилади? Табиийки, йўл четларига, пиёдалар йўлакларига, болалар майдончалари атрофига.

Қурувчи учун ҳар бир квадрат метр фойда келтиради. Парковка қуриш эса қўшимча харажат. Шундай экан бугун қурувчи тежаган маблағнинг оғирлигини эртага аҳоли кўтаради.

Уй қурилишига рухсат берилаётганда транспорт юкламаси, аҳоли сони ва парковкага бўлган эҳтиёж мутлақо ҳисобга олинмайди. «Ерни сот – соққани бос» шиори амалда.

Лекин шаҳарсозлик фақат баланд бинолар қуриш дегани эмас. Одамлар учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш муҳим.

Бугун уйларнинг сони билан фахрланяпмиз. Эртага ўша уйлар атрофида юришга ҳам жой қолмайди, маҳалладан катта йўлга чиқиш азоб бўлади.

Айрим янги турар жойларда парковка алоҳида мулк сифатида қиммат нархда сотилади. Жуда қимматга, квадрати фалон пуллик хонадон сотиб олган аҳолининг бир қисми автомобиль жойини харид қилиш имконига эгадек гўё.

Шаҳарсозлик ҳақида тақдимоту, мажлисларга кўзимиз тушади. Аммо бирор раҳбар парковка масаласини очиқ муҳокама қилмаяпти. Тўғриям-да, манфаатлар учун ноқулай масалаларда жим турган афзал.