Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қиймати қарийб 500 миллион сўмлик, келиб чиқиши ва қонуний муомаласини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган дори воситалари ноқонуний айланмадан олиб қўйилди.

Маълум қилинишича, аввал кузатувга олинган автомобилдан, кейин эса гумонланувчининг ижарада яшаётган хонадони ва бошқа манзилидан жами турли номдаги минглаб дори воситалари аниқланиб, белгиланган тартибда мусодара қилинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Бу воқеа сўнгги йилларда тобора долзарб бўлиб бораётган яна бир муаммони эслатади. Бугунги кунда юртимизда дорихоналар сони сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, бозорга кириб келаётган дори воситалари турлари ҳам кўпаймоқда. Бу, бир томондан, аҳолининг дори-дармон танлаш имкониятини кенгайтирса, иккинчи томондан, сифати ва келиб чиқиши шубҳали маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси хавфини ҳам кучайтирмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳужжациз ва давлат рўйхатидан ўтмаган дори воситалари инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Бундай препаратларнинг таркиби, сақлаш шароити ёки ҳақиқийлиги кафолатланмаган бўлади. Натижада улар даволаш ўрнига бемор аҳволини оғирлаштириши ёки ножўя асоратларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Шу сабабли фуқаролар дори воситаларини фақат қонуний фаолият юритаётган дорихоналардан харид қилиши, маҳсулотнинг қадоқланиши, яроқлилик муддати ва зарур ҳужжатларига эътибор қаратиши муҳимдир. Ҳар қандай арзон нарх ёки норасмий савдо таклифлари ортида саломатлик учун катта хавф яширин бўлиши мумкин.