Сўнгги йилларда Тошкентда янги бир хизмат тури оммалаша бошлади. Бу – Филиппиндан энага ва уй ёрдамчиларини жалб қилиш амалиётидир. Айрим агентликлар ва воситачилар орқали филиппинлик энагаларни ишга олиш учун оилалардан бир марталик 4000 доллар атрофида тўлов олинмоқда. Бундан ташқари, энагаларнинг ойлик маоши ўртача 1000 долларни ташкил этмоқда.

Бир қарашда бу рақамлар юқори даромадли оилалар учун оддий харажатдек кўриниши мумкин. Бироқ мазкур ҳолат ортида мамлакатимиздаги ижтимоий муносабатлар, меҳнат бозори ва оила институти билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар ётибди.

Аввало, филиппинлик энагаларга бўлган талабнинг ортиши замонавий шаҳар ҳаётининг маҳсули деса бўлади. Бугунги кунда кўплаб оилаларда эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам фаол меҳнат қилмоқда. Бизнес, хизмат сафари ва юқори меҳнат юкламаси болалар парвариши учун қўшимча ёрдамга эҳтиёжни кучайтирмоқда. Айниқса, чет тилларини ўргатиш, халқаро тажриба ва интизом масалаларида филиппинлик мутахассисларга қизиқиш ортиб бормоқда.

Филиппин дунёда меҳнат миграцияси бўйича етакчи давлатлардан бири саналади. Мамлакат фуқаролари кўп йиллардан бери Яқин Шарқ, Европа ва Осиё давлатларида няня, парваришчи ва уй бошқарувчиси сифатида фаолият юритиб келади. Улар орасида инглиз тилини яхши билиши, меҳнат интизоми ва халқаро сертификатларга эга мутахассислар кўплиги ушбу хизматларга бўлган талабни оширмоқда.

Бироқ масаланинг иқтисодий томони ҳам бор. Агар оила агентликка 4000 доллар тўлаб, кейин ҳар ой 1000 доллар маош берса, биринчи йилдаги умумий харажат камида 16 минг долларга етади. Бу маблағ бугунги Ўзбекистон шароитида кўплаб оилаларнинг бир йиллик даромадидан ҳам юқори ҳисобланади. Демак, бундай хизмат асосан юқори даромадли қатлам учун мўлжалланган бозор сегментига айланмоқда.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати маҳаллий меҳнат бозори билан боғлиқ. Ўзбекистонда ҳам минглаб аёллар бола парвариши ва уй хизмати соҳасида меҳнат қилмоқда. Агар маҳаллий мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш, чет тиллари ва замонавий бола парвариши стандартлари бўйича ўқитиш тизими ривожлантирилса, бу соҳада ички бозор эҳтиёжини маҳаллий кадрлар ҳисобидан қондириш имконияти бўларди.

Шу билан бирга, филиппинлик няняларнинг кириб келиши рақобат муҳитини ҳам шакллантирмоқда. Бу маҳаллий хизмат кўрсатувчилар учун ўз устида ишлаш, малака ва хизмат сифатига эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Натижада бутун хизматлар бозорида сифат стандартлари ўсиши мумкин.

Бошқа томондан, бола тарбияси фақат хизмат эмас, балки миллий қадриятлар, тил ва маданий муҳит билан ҳам чамбарчас боғлиқ жараёндир. Шу сабабли айрим мутахассислар боланинг кўп вақтини чет эллик парваришчи билан ўтказиши унинг тил муҳити ва ижтимоий қарашларига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкинлигини таькидлайди.

Филиппинлик энагаларга бўлган қизиқишни глобаллашувнинг яна бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкин. Бу ҳолат Ўзбекистонда юқори сифатли хизматларга талаб ортиб бораётганини кўрсатади. Бироқ мазкур жараён маҳаллий меҳнат бозори, миллий тарбия анъаналари ва хизматлар соҳасининг ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам чуқур таҳлилни талаб қилади.

Ҳозирда Ўзбекистондаги филиппинлик энагаларнинг аниқ сони маьлум эмас, бироқ шу зайлда давом этса улар тезда статистик кўрсаткичларга киритилиб, меҳгат бозорини забт этган мигрантлар сифатида қайд этилади.