Ўзбекистоннинг илк йирик пуллик автомагистрали – Тошкент–Самарқанд трассаси Хитой компаниялари иштирокида қурилади. Бу ҳақда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.

Лойиҳа қиймати 2,182 млрд долларга баҳоланган, бу маблағнинг 85 фоизини Хитой банклари беради. Трасса узунлиги 282 кмни ташкил этади.

Расмий маълумотларда тендер тафсилотларт ҳали тўлиқ очиқлангани йўқ.

Айни пайтда бу – оддий йўл эмас. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ким томонга бурилаётганини кўрсатувчи сиёсий ва молиявий лойиҳадир.

Сўнгги йилларда Хитой Марказий Осиёда нафақат завод ва энергетикага, балки йўл, туннель ва логистикага ҳам чуқур кириб келмоқда. “Бир макон – бир йўл” стратегияси доирасида Пекин учун Ўзбекистон транзит марказ. Тошкент–Самарқанд трассаси эса шу катта транспорт занжирининг бир қисмига айланмоқда.

Айни пайтда бу ерда фақат геосиёсат эмас, катта пул ҳам бор.

Пуллик трасса қурилиши Ўзбекистон тарихидаги энг йирик PPP – давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан бири бўлиши мумкин. Давлат йўлни ўзи қурмайди. Хусусий инвестор келади, миллиардлаб доллар тикади, кейин эса ўнлаб йиллар давомида йўлдан даромад олади.

Постсовет давлатларида йўл қурилиши энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади. Чунки асфальт нархи, материал сифати, ер ажратиш, субподряд занжири ва ҳақиқий харажатларни текшириш деярли имконсиз. Натижада “асфальтдаги миллиардлар” тизими пайдо бўлади.

Ўзбекистонда ҳам бу соҳада саволлар кўп. Йирик тендерлар ҳақида маълумот чекланган, лойиҳалар ортида ким тургани очиқ эмас, қурилиш ва эксплуатациядан ким асосий фойда олиши ҳақида жамоатчилик деярли ҳеч нарса билмайди.

Олдинроқ трассани немис компанияси қуриши айтилганди. Кейин турк консорциуми пайдо бўлди. Энди эса Хитой капитали майдонга чиқяпти.

Бу эса бошқа саволни туғдиради: Ўзбекистон йўл қуряптими ёки стратегик инфратузилмасини ташқи молиявий гуруҳларга узоқ муддатга топширяптими?

Тошкент–Самарқанд трассаси шунчаки транспорт лойиҳаси эмас. Бу – келажакдаги доимий пул оқими. Йўлдан ҳар куни ўтадиган юк, туризм, бизнес ва минглаб автомобиллар — кафолатланган даромад манбаи.

Албатта, тез ва хавфсиз трасса керак. Лекин савол бошқа ерда: аҳоли даромади паст давлатда пуллик йўл ким учун ишлайди?

Агар сифатли бепул альтернатива бўлмаса, янги трасса амалда ижтимоий табақалашув рамзига айланади: тез ва хавфсиз йўл – бойлар учун, эски трасса эса қолганларга.

Марказий Осиёда катта йўллар кўпинча иқтисодий эмас, сиёсий лойиҳаларга айланади. Улар орқали давлат ўз қудратини намойиш қилади, элита эса янги молиявий ресурсларга эга бўлади.

Тошкент–Самарқанд пуллик трассаси ҳам эҳтимол ана шундай лойиҳалардан бири бўлади: ташқи капитал, ички манфаатдор гуруҳлар ва “Янги Ўзбекистон” витринаси кесишган нуқта.