УРГУТДА МАҲАЛЛА РАИСИНИНГ УЙИ БУЗИЛИШ АРАФАСИДА
Ургутда маҳалла раиси уйи суд қарори билан бузилишга чиқарилган. Оила кадастр ҳужжатлари борлигини, қарор адолатли эмаслигини иддао қилмоқда.
Самарқанд вилояти Ургут туманида маҳалла раиси бўлиб ишлайдиган фуқаронинг уйи суд қарори билан бузилишга чиқарилгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи уйга оид кадастр ва бошқа ҳужжатлар мавжудлигига қарамай, суд уларни инобатга олмаганини, оила эса тўрт нафар фарзанди билан уй-жойсиз қолиш хавфи остида эканини иддао қилмоқда.
Мурожаатга кўра, можаро маҳалла раиси билан ҳудуддаги тадбиркор ўртасидаги келишмовчилик ортидан бошланган.
Муаллифнинг айтишича, тадбиркор маҳалла раиси яшайдиган уйни «ноқонуний қурилган» деб прокуратурага мурожаат қилган. Шундан кейин маҳалла раиси ҳам тадбиркор фойдаланаётган ер майдонларининг қонунийлиги юзасидан прокуратура, Кадастр агентлиги ва ҳокимликка сўровлар киритган.
Мурожаатчи ушбу идоралар тадбиркор эгаллаб турган ерларда қонунбузилиш ҳолати йўқлиги ҳақида жавоб берганини, аммо маҳалла раисига тегишли уй масаласида аксинча чоралар кўрилганини таъкидламоқда.
Унинг сўзларига кўра, кадастр ходимларидан бири маҳалла раисига уй ҳужжатлари жойида эканини айтган, бироқ тадбиркорларга қарши ҳаракат қилинса, прокуратура уйни буздириши мумкинлигини ҳам билдирган.
Кейинчалик иш судга ошган.
Мурожаатда айтилишича, суд жараёнида уйга тегишли кадастр паспорти, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилган. Бироқ мурожаат муаллифига кўра, суд ушбу далилларни етарлича инобатга олмаган.
«Суд охирида прокурор ўринбосаридан фикр сўралди. У Кадастр агентлиги даъвоси қаноатлантирилиб, уй бузилиши кераклигини айтди. Шундан кейин суд ҳам уйни бузиш ҳақида қарор чиқарди», дейилади мурожаатда.
Оила вакиллари судгача Ургут тумани ҳокими Дилмурод Сайидқулов билан ҳам учрашганини билдирмоқда.
Уларнинг иддаосига кўра, ҳоким дастлаб вазиятни «англашилмовчилик» деб баҳолаб, уй бузилмаслигини айтган. Бироқ орадан тахминан икки ҳафта ўтиб суд жараёни бошланган.
Мурожаатчи яна бир ҳолатга эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, суд мажлиси ҳақидаги чақирув қоғози уйга етказилмаган, маҳалла раиси суд белгиланганини My.gov.uz орқали тасодифан билиб қолган.
Шундан кейин оила аъзолари яна туман ҳокими қабулига борган.
«Ҳоким яна уй бузилмаслигини айтиб, бизни уйга қайтарди. Аммо суд барибир уйни бузиш ҳақида қарор чиқарди», дейди мурожаат муаллифи.
Мурожаатда уй 2016–2018 йилларда қурилгани, унга кадастр паспорти шакллантирилгани ва 2006 йилдаги хўжалик қарори ҳам мавжудлиги айтилмоқда. Шу билан бирга, 15 сотих ер кейинчалик қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига кириб қолгани иддао қилинган.
Мурожаат муаллифи мазкур низо маҳалла раиси ўз вазифаси доирасида айрим мансабдорлар ва тадбиркорларнинг манфаатларига дахл қилганидан кейин авж олган бўлиши мумкин, деган гумонни ҳам илгари сурмоқда. Бироқ бу даъвони тасдиқловчи мустақил далиллар ҳозирча Элтузар ихтиёрида мавжуд эмас.
Шунингдек, мурожаатчи Самарқанд вилояти раҳбарияти қабулига киришга уринишлари ҳам натижа бермаганини билдирди. Унинг айтишича, вилоят ҳокими Ургутдаги поликлиника очилишида бўлган вақтда оила вакилларига туман ҳокимлигида учрашишни айтган, аммо улар бир соат кутиб ҳам учрашувга эриша олмаган.
Элтузар мурожаатда келтирилган даъволарни ҳозирча мустақил равишда тасдиқламаган. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ургут тумани ҳокимлиги, прокуратура, Кадастр агентлиги ва бошқа тегишли идоралар мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирса, уларнинг позициясини ҳам эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг