Урганч давлат педагогика институтида фаолият юритаётган диссертация ҳимояси бўйича илмий кенгашга ҳужжат топшираётган айрим тадқиқотчилар олдига ҳимоядан кейин институтда ишлаш шарти қўйилаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифи олий таълим тизимида ўқитувчи бўлиб ишлашини билдирган.

Унинг иддаосига кўра, институт ректори вазифасини бажарувчи Диёржон Абдуллаев илмий кенгашга ҳимоя учун ҳужжат топшираётган айрим тадқиқотчиларга кейинчалик Урганч давлат педагогика институтида ишлаш шартини қўймоқда.

Мурожаатда бу талаб қуйидагича ифодалангани айтилади:

«Пединститутда ишлайсан ҳимоя қилганингдан кейин. Агар шунга рози бўлсанг, ҳужжатларингни қабул қиламиз, рози бўлмасанг – катта кўча».

Мурожаат муаллифи илмий даража олиш учун диссертация ҳимоясига кириш имкониятини муайян олий таълим муассасасида кейинчалик ишлаш мажбурияти билан боғлаш қанчалик қонуний ва академик меъёрларга мос эканини савол остига қўймоқда.

Унинг фикрича, олий таълим муассасасининг илмий салоҳиятини ошириш муҳим вазифа бўлса-да, бунга тадқиқотчиларни ишга киришга мажбурлаш орқали эришиш мумкин эмас.

«Ҳар бир олий таълим муассасаси учун илмий салоҳият бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Лекин тадқиқотчига “ҳимоядан кейин бизда ишлайсан, бўлмаса ҳужжатингни қабул қилмаймиз” деган шарт қўйиш қай даражада тўғри?» дейди мурожаатчи.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати – диссертация ҳимояси бўйича илмий кенгаш муайян раҳбарнинг шахсий кадрлар сиёсати учун хизмат қиладими ёки белгиланган илмий мезонлар асосида барча муносиб тадқиқотчилар учун тенг ишлаши керакми, деган саволдир.

Хўш, илмий кенгашга диссертация ҳимояси учун ҳужжат қабул қилишда тадқиқотчининг кейинчалик айнан шу институтда ишлаши ҳақида талаб қўйишга рухсат борми?

Бундай шарт Олий аттестация комиссияси ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганми?

Агар белгиланмаган бўлса, кимнинг ваколати билан тадқиқотчилар олдига бундай талаб қўйилмоқда?

Илмий кенгаш институтнинг илмий салоҳиятини ошириш воситасими ёки мустақил тадқиқотчилар учун ҳам тенг имконият яратиши керак бўлган академик тузилмами?

Элтузар мазкур мурожаат юзасидан Урганч давлат педагогика институти раҳбарияти, диссертация ҳимояси бўйича илмий кенгаш ҳамда Олий аттестация комиссияси муносабат билдиришини муҳим деб ҳисоблайди.

Хусусан, Диёржон Абдуллаевдан мурожаатда келтирилган «ҳимоядан кейин институтда ишлайсан» деган шарт ҳақиқатдан ҳам тадқиқотчиларга қўйилганми-йўқми, деган саволга очиқ жавоб кутилади.

Агар институт раҳбарияти ёки бошқа масъул идоралар мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирса, Элтузар уларнинг позициясини ҳам тўлиқ эълон қилишга тайёр.