ТОШКЕНТ ТУМАНИ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИ 25 МИНГ ДОЛЛАР ОЛАЁТГАНДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Тошкент тумани ҳокими ўринбосари тадбиркордан 1 гектар ерни аукцион орқали расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг доллар талаб қилган ва пулни хизмат хонасида олаётган вақтида ДХХ томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳокими ўринбосари тадбиркордан 25 минг АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ маълумотига кўра, мансабдор тадбиркорга саноат мажмуаси қуриш учун 1 гектар ер майдонини аукцион орқали олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 25 минг доллар талаб қилган.
Гап Тошкент туманининг Қорасарой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, туман ҳокимлиги балансидаги 1 гектар ер майдони ҳақида кетмоқда.
Тадбиркор ушбу ҳудудда қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат мажмуасини ташкил этишни режалаштирган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳоким ўринбосари давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали ер майдонини аукцион савдосига чиқариш ва тадбиркорга олиб беришни ваъда қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида мансабдор талаб қилинган 25 минг долларни ўз хизмат хонасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) ҳамда 28-модда орқали 211-моддаси 3-қисми (пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирган. Хабар берувчиларнинг шахси сир сақланиши билдирилган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг