ДУАЛ ТАЪЛИМ АСОСИДАГИ АМАЛИЙ МАШҒУЛОТЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ВА СИФАТИ ҲАҚИДА
ТДЮУда жорий этилган дуал таълим тизими доирасида талабалар ўқиш вақтининг ярмини суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ўтаётгани, амалиётлар эса мустақил ўқиш, клиник семинарлар ва ҳуқуқий тарғибот билан уйғун ҳолда йўлга қўйилгани ёритилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги 232-сонли Фармонига мувофиқ 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилган.
Бунда иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади. Таълим дастурларининг назарий қисмларини амалий мисоллар асосида ўқитиш (problem-based learning) орқали талабада муаммоли вазиятни таҳлил ва хулоса қилиш каби «юмшоқ» кўникмалар (soft skills) ва назарий билимларни шакллантиришга эътибор қаратилади.
Университетнинг кафедралари негизида ташкил этилган, илмий-тадқиқот ва амалиётга асосланган, юқори сифатли таълим беришга йўналтирилган академик департаментининг шўъбаси фаолияти бизнинг ташкилотимизда йўлга қўйилди, ўз фаолиятини юритмоқда.
Мазкур университетнинг 40 нафар иккинчи курс талабалари учун бизнинг ташкилотимизда менинг раҳбарлигимдаги соҳа мутахассислари томонидан таълим дастурларининг амалий қисмлари клиник семинарлар ўтказиш ва ҳар кунлик амалиёт орқали олиб борилмоқда.
Устоз Абдулла Авлоний: ”Тафаккур инсонни одамийликка, комилликка етаклайди. Муаллим эса ушбу тафаккур чироғини ёқувчи зотдир. Устознинг вазифаси инсон руҳини тарбиялаш бўлиб, бу ишда софдил ва фидойи бўлиш талаб этилади” деган эди.
Дуал таълим асосидаги амалий машғулотлар мамлакатимизда энди ташкил этилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда биз томонимиздан бунга масъулият билан ёндашилмоқда, “ўзимнинг ишим қолиб кетади” қабилида иш тутилмаяпди, унинг қандай йўлга қўйилганлиги ҳақида қуйида тўхталмоқчиман.
Дуал таълим асосидаги амалий машғулотлар анъанавий маъруза ўқиш шаклида бўлмаяпди, талабанинг соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил ўқиб-ўрганиши ва ўрганганларини амалиётга мустақил тадбиқ этиши шаклида ташкил этилмоқда.
Талабалар истеъмолчилар томонидан ўз ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан йўлланаётган мурожаатлар билан ишлаш, низо томонларини келиштириш (медиация), суд-даъво ишлари, ҳуқуқий тарғиботни қамраб олган дастурни ўрганмоқда ва амалиётда ўзлари қўлламоқда.
Талаба ҳафтада икки кун дуал таълим асосидаги амалий машғулотлар дастурини ўташи вақтида норматив ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил тўлиқ ўзлаштирмоқда. Ўзлаштирилган амалий билимлари бўйича халқаро тан олинган слайд-тақдимот, изоҳли инфографика ва комикслар яратиш ҳамда тестлар тўпламини тузиш, интервью-суҳбат шакллларидан бирини танлаб, соҳага шўнғиб кетишди, якунида ўтказиладиган билимлар синовига тайёргарлик кўрмоқда.
Амалиётнинг ҳуқуқий тарғибот қисми бўйича ҳар бир талаба истеъмолчилар ҳуқуқига оид мавзуларда камида учта мақола, хабар ёки постни оммавий ахборот воситаси, ижтимоий тармоқ ёки сайтларга жойлаштириши керак. Мақсадимиз талабаларни қисқа давр ичида ҳуқуқ илмининг бир қисми бўлган соҳамизнинг мутахассисига айлантиришдан иборатдир.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг