Тилланисо Эшбоева

Ўрхон Памук Истанбул хотирасини излаб ёзган асарлари учун Нобел мукофотини олди. Унгача франзсуз адабиётида Патрик Модиани шаҳар хотирасини излашнинг руҳга, ҳисга ўралган энг мукаммал бадиий намуналарини кўрсатиб берганди. Унинг “Тўй” романини ўқиб, каловланиб қолганман бошида. Асар икки ёшнинг тўйи ҳақида бўлиши керак эди. Лекин улар аҳамиятсиздек. Унда аҳамиятлиси нима асарда? Охирларида бориб тушинганманки, энг муҳими Париж ва Парижни ўраган ҳузун! Севишганлар шаҳри, дунёнинг энг романтик шаҳрини муаллиф шундай кўради: ҳузунвор, аммо ўта бир илиқ, қадрдон. Шаҳар ҳам она бўлиши мумкинми? Балки.

Яқин бир фильм кўрдим. “Алвон Истанбул”. Памук асарига, назаримда, у қадар ўхшамаган татаббу. Аммо Истанбулга, манзараларга, 20 йилдан сўнг қайтган муҳожирларнинг шаҳар соғинчига термилиб, беихтиёр Истанбулда бўлгингиз, шу руҳ ичида яшаб кўргингиз келади. Ўзи умуман шаҳар руҳини излаш ҳозирги адабиётда бош нарратив. Мураками шаҳардаги ёлғиз одамларни, шаҳар ёлғизлигини ёзади. Бизда ҳаёт шаҳарга кўчгани билан ҳали тўлиқ шаҳар ҳаёти, ё унинг ёлғизлиги-ю рангинлиги тасвирлаб берадиган тўлиқ адабиёт даври ҳали бошланмади менимча. Лекин тобора шунга қараб кетяпти.

Шаҳар хотирасини излаган юқоридаги асарлар (айтмоқчи, Мо-Янгнинг ҳам хитой шаҳарининг тушдан кейинги палласи ҳақида ажойиб эссеси бор) Истанбулни, Парижни қайта севдиради. Энди қаҳрамонларга эргашиб эмас, шаҳарга эргашиб ҳар нарсадан таъсирланаверасан. Шаҳар энди қаҳрамон. Италян янги давр киносида ҳам бу нарса бор эди: шаҳар ё қаҳрамон, ё антиқаҳрамон бўларди. Узун-узун, бўм-бўш ерлар кадрлари бетон қуршаган шаҳардан қочиш учун кинотилига айланган бир услуб эди. Излайсан кинодан – аслида нима ҳақда деб? Кейин тушинганмам, аслида у шаҳар ва ундан зерикиш ҳақда. Ҳа, шаҳарлашиш феномени адабиёт ва санъатга шундай жиддий таъсир кўрсатган. Охир-оқибат шаҳар санъатдаги асосий мотивга айланган.

“Тайм машин: 1984” шаклан антиутопик, мазмунан носталгик. Асар 1984-йилдаги шаҳар хотирасини излайди. Муаллиф айтмоқчи, бу Тошкентнинг илм-фан, санъат, ҳаёт, эркинлик томонлама энг гуллаган паллалари. Тошкент биринчи марта адабиётимизда бош қаҳрамонга айланади. Эҳтимол, шаҳар биринчи марта. Албатта, бу шаҳардаги одамлар воситасида кўрсатилади. Бир ёки икки эмас, бир неча қаҳрамонлар воситасида. Шаҳарнинг хотираси бир ё ўн қаҳрамон ҳаётига сиғмайди. Унга катта улканлик, чумолисидан тортиб самолётигача бўлган ҳаракат баёни керак. “Тайм машин:1984” шу йўлдан боради. Сиз ҳар қадамда бир шикофорга, бир комсомол, бир раққоса, бир шоир, бир қоровул, бир магазинчи, бир ресторатор, бир қўшиқчи, бир олим, бир раҳбар, бир академик, бир ўқитувчи, бир сотувчига қоқилиб кетаверасиз. Шунингдек, гоҳ ўзбек, гоҳ туркман, гоҳ тожик, гоҳ яҳудий, гоҳ рус, гоҳ арман, гоҳ украин, гоҳ қозоқ…қа ҳам. Адоғига етиб бўлмайди. Ахир, “Тошкент – нон шаҳри”. “Тайм-машин: 1984” шуларни компакт қилиб бизга тақдим этади.

Памук Истанбулни адабиёт тилида миллионлаб ўқувчига севдиргани, Модиани Париж руҳини қайта кашф этиб, унга романтик шаҳардан ўзга яна бошқа маъно қўшганидек бу асар мана шу ҳар кун йўлларидан ўтадиганимиз, биноларини кўрадиганимиз, гоҳ чанг, гоҳ шамолидан озорланадиганимиз Тошкентга янги маъно қўшади. Бу маънони юракка кўчириб ўтказа оламизми? Севдира оламизми Тошкентни юрт ва юртдан ташқаридаги миллионларга ҳам? Бундан руҳланиб, Тошкент руҳини кинога, қўшиққа, санъатга ўтказа оламизми? Муаллиф Тошкентга бадиий ҳайкал тиклаган бўлса, уни ўз юракларимизда ўрната оламизми? Бошқалар ҳам ўрнатишига сабабчи бўла оламизми? Бу энди биз ўқувчиларда қолган масала.

📞 Мурожаат учун: @алпсавдо  +998507607434

📍 Манзил: Тошкент шаҳри,  Муқимий, 178 (Мўлжал: Спорттовар

📞 Мурожаат учун: @алпсавдо +998507607434

📍 Манзил: Тошкент шаҳри, Муқимий, 178 (Мўлжал: Спорттовар