Taftish.uz ходимларининг товламачилик ва фирибгарликда айбланиши дастлаб оддий криминал воқеа сифатида тақдим этилди. Ички ишлар вазирлиги буни журналистика ниқоби остида фуқаролар ва тадбиркорларни қўрқитиб, улардан пул ундириш билан шуғулланган гуруҳнинг фош этилиши деб талқин қилди.

Аммо жиноий ишга Давлат хавфсизлик хизматининг тўрт нафар зобити ҳам киритилгач, воқеанинг моҳияти кескин ўзгарди. Кўпчилик ички ишлар ходимларию ҳокимлар юзига камера тутиб, тергаган ёш қиз – Маржона Эшқувватова ва шерикларрининг эҳтимолий жинояти ҳақида эмас ДХХ зобитларининг Taftish.uz фаолиятига нима алоқаси бор экан, деган саволни бера бошлади.

Хўш, Taftish.uz мустақил равишда шаклланган товламачилик тармоғи бўлганми ёки давлатнинг энг қудратли махсус хизмати ичидаги айрим раҳбарлар назорат қилган ахборот қуроли?

Элтузарга мазкур жиноят ишидан огоҳ бир биридан мустақил манбалар Taftish.uz амалда ДХХ раҳбарияти ташаббуси билан қайтадан жонлантирилгани, таҳририят ўз фаолиятини ДХХнинг матбуотга масъул департаменти бошлиғи Шерзод Нажмиддинов билан мувофиқлаштириб турганини билдирди.

Манбаларга кўра, Ғайрат Абераев ушланганидан кейин унинг телефонидан Нажмиддинов билан бўлган аудио мулоқотлар топилган. Ушбу мулоқотлар сайт фаолияти, мақолалар мавзуси ва айрим шахсларга нисбатан ахборот босимини мувофиқлаштириш атрофида боргани айтилади.

БЕШ ЖУРНАЛИСТДАН ТЎРТ ДХХЧИГАЧА

2026 йил 16 январда Ғайрат Абераев, Маржона Эшқувватова, Азизжон Йўлдошов, Дилшод Нишонов ва Сардор Ҳамидов процессуал тартибда ушланди. ИИВ маълумотига кўра, 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида 21 та ҳолат бўйича фирибгарлик, товламачилик, туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатиш аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Вазирлик гумонланувчиларга қарши аудио ва видеоёзувлар, экспертиза хулосалари ҳамда гувоҳлар кўрсатмалари мавжудлигини билдирди.

ИИВнинг дастлабки баёнотида Taftish.uz ходимлари турли ташкилот ва тадбиркорлар ҳақида обрўсизлантирувчи материаллар тайёрлаб, кейин уларни ўчириш ёки янги материал тарқатмаслик эвазига пул талаб қилганликда айбланди. Лекин ўша расмий чиқишларда таҳририятнинг эҳтимолий ДХХ алоқалари ёки махсус хизмат ходимларининг иштироки ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Орадан уч ой ўтиб, 2026 йил апрелида иш ИИВ Тергов департаментидан Ҳарбий прокуратурага ўтказилгани маълум бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов бу қарорга ишда ДХХ ходимлари фигурант сифатида иштирок этаётгани сабаб бўлганини айтди. Унинг маълумотига кўра, иш доирасида 400 дан ортиқ мурожаат ўрганилган ва материалларнинг бир қисми махфийлаштирилган.

Ташанов кейинчалик Taftish.uz таҳририяти ходимлари билан бирга тўрт нафар ДХХ зобити устидан суд 2026 йил 29 июлда Тошкент ҳарбий судида бошланиши белгиланганини маълум қилди. Суд мажлислари ёпиқ ўтказилиши эҳтимоли ҳам айтилди. Бироқ суднинг дастлабки мажлиси ўтгани ва унда нималар муҳокама қилингани ҳақида Олий суд ёки Ҳарбий суд томонидан очиқ ахборот берилмади.

Январда ички ишлар органлари Taftish.uz жамоасини деярли тўлиқ фош этилган жиноий гуруҳ сифатида жамоатчиликка таништирган эди. Аммо ишга махсус хизмат ходимлари қўшилгандан кейин жараён тўсатдан махфий тус олди.

САЙТ МУСТАҚИЛ БЎЛГАНМИ?

Элтузар манбасининг даъвосига кўра, Taftish.uz оддий тадбиркорлик ёки журналистик лойиҳа сифатида пайдо бўлмаган. Унинг вазифаси муайян давлат идоралари, амалдорлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларига ахборот орқали босим ўтказиш бўлган.

Манба сайт ходимлари айрим мавзуларни ўз ташаббуси билан эмас, ташқи кўрсатмалар асосида ёритганини айтмоқда. Материаллар нашр этилишидан олдин ёки кейин уларнинг мазмуни ДХХнинг ахборот ва матбуот йўналишига масъул ходимлари билан келишилгани даъво қилинмоқда.

Бу даъво тўғри бўлса, Taftish.uz ишининг ҳуқуқий мазмуни бутунлай ўзгаради. Унда сайт ходимларининг эҳтимолий товламачилиги индивидуал бойиш мақсадидаги жиноят эмас, давлат тузилмаси ичидаги шахслар яратган ёки ҳимоя қилган тизимнинг бир қисми бўлиши мумкин.

ШЕРЗОД НАЖМИДДИНОВ НОМИ НЕГА ЯНГРАМОҚДА?

Шерзод Нажмиддинов номи Ўзбекистон ахборот маконида биринчи марта тилга олинаётгани йўқ.

Озодлик радиоси 2024 йил декабрида куч ишлатар тузилмалардаги манбасига таяниб, Нажмиддинов махсус хизмат ходими экани ва «Саид» лақаби билан танилишини ёзганди. Ўша манба Нажмиддинов ва унинг жамоаси блогер ҳамда журналистларни қўрқитиш билан шуғулланганини даъво қилган. Нашр, шунингдек, махсус хизмат ходимларининг журналистларга босим ўтказишига оид «тадбирлар режаси» деб номланган ҳужжат нусхаси таҳририят ихтиёрида эканини билдирган.

Озодликдаги бу хабар Нажмиддиновнинг Taftish.uz билан алоқасини исботламайди. Аммо Элтузар манбасининг янги маълумотлари билан аввалги хабар ўртасида муайян мазмуний боғлиқлик бор. Ҳар икки манба ҳам Нажмиддиновни журналистлар ва блогерлар фаолиятини назорат қилиш ёки уларга босим ўтказиш билан боғламоқда.

Агар Абераев телефонида ҳақиқатан Нажмиддинов билан мулоқотлар топилган бўлса, тергов учун энг муҳим масала суҳбатнинг ўзи мавжудлиги эмас, унинг мазмунидир.

УЧТА ЭҲТИМОЛИЙ СЦЕНАРИЙ

Мавжуд маълумотлар ҳозирча учта асосий сценарийни кўрсатади.

Биринчи сценарийга кўра, Taftish.uz ходимлари мустақил равишда товламачилик билан шуғулланган, айрим ДХХ ходимлари эса уларни ҳимоя қилган ёки жиноий даромаддан манфаатдор бўлган. Бу ҳолда гап махсус хизматнинг умумий сиёсати ҳақида эмас, тизим ичидаги коррупциялашган шахслар ҳақида кетади.

Иккинчи сценарийда сайт аввалида давлат манфаатлари учун ахборот воситаси сифатида тузилган, кейин эса унинг ходимлари берилган ваколат ва ҳимоядан шахсий бойиш учун фойдалана бошлаган. Бундай ҳолатда махсус хизмат раҳбарияти сайтнинг пайдо бўлиши учун сиёсий жавобгар, ходимлар эса кейинги товламачилик эпизодлари учун жиноий жавобгар бўлиши мумкин.

Учинчи ва энг жиддий сценарийга кўра, Taftish.uz орқали амалга оширилган босим ва товламачилик марказлашган тизимнинг ўзи бўлган. Бунда сайт ходимлари ижрочи, ДХХдаги кураторлар эса нишонларни танлаган ва уларга дахлсизлик кафолатини берган бўлиши мумкин.

Ҳозирги очиқ маълумотлар бу сценарийларнинг бирортасини қатъий тасдиқлашга имкон бермайди. Аммо тўрт нафар ДХХ ходимининг бир ишда судланаётгани биринчи марта Taftish.uz фаолияти ортида фақат таҳририятнинг ўзи турмаган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.