ЯНГИЛИК ҚИЛИШ МАҚСАДИДАН «ЙИРОҚ» ТАЪЛИМ ВАЗИРИГА КЎРСАТМАЛАР
Муаллиф таълим тизимининг икки босқичи — мактабгача ва олий таълимдаги ўткир муаммоларни танқид қилади, ММТБларни тугатиш, таёқчилик ва қариндошчиликни чеклаш, дарсликлар монополиясини йўқ қилиш каби кескин таклифлар беради.
Мақоламиз икки масалага бағишланади, яъни таълимнинг икки босқичи ҳақида сўз юритамиз. Наилож, олий, ўрта ва мактабгача таълимни аралаш-қуралаш қилиб бир йирик бадбашара маҳлуқ яратилди. Элтузар ҳам бир мақолада ҳам мактаб, ҳам олий таълим ташкилотлари муаммоларини қоришиқ ёритаверади.
Биринчидан, районо ва облоно бўлмиш ММТБларни оптимизация қилиб йўқотиш шарт. Бу паразит ташкилотлар мажлисбозликдан ортмайди, таълим ўта марказлашган. Бирор янгилик ёки ташаббус қилолмайдиган саводсиз, қоғозбоз клерклар тўдаси таълимнинг порахўрлик ўчоғидир.
Бошқарма тепасида турган каттаконлар яқин ёки узоқ оила аъзолари, ўйнаши, иккинчи хотини ва ҳоказоларни мактаб директори, боғча мудираси этиб тайинлайди. Бу қовоқбош хонимчалар ўтирган жойида туп қўйиб, палак ёзиб жир битади. Турдимовга тавсия: ҳар қандай ўйнаш, қариндош ёки нечинчидир хотинларни лавозимга тайинлагувчи мансабдор мулозимларни таълим соҳаидан буткул узоқлаштириш механизмларини йўлга қўйинг.
Мактаб, боғча таъмири сметалари шаффоф эълон қилинсин. Дарсликлар чоп қилиш битта тадбиркорнинг монопол имтиёзига айланиб қолмасин. Дарслик муаллифлари саводсиз, догматик, ўрнини маҳкам эгаллаб қўйвормайдиган мафиози экани маълум. Мана шу ҳол саводсизлик сабаби, мана шу ҳол дарслизларимиздаги ғиж-ғиж хатолар боиси.
Аввал таълим, кейин тарбия. Тескариси эмас. Бутун мамлакат таълими тадбирбозлик ботқоғига ботган. Келажак соати деган дарс ғирт кўзбўямачилик. СИ ёзиб берадиган маърузалар асосидаги сафсата дарслар йўқолсин. Хитой ҳам, Ҳиндистону, Жанубий Корея ҳам таълимни маънавий тадбирлардан устун кўргани учун ривожланди. Мамлакатга муҳандислар, технологлар, яхши гуманитарий тарғиботчилар (ёзувчи, санъатшунос, педагоглар) керак. Миллий либос куни ҳам, бошқа жумавой тадбирлар ҳам энсақотирар бекорчилик холос. Ёшлар тор фикрли, дунёдан ва керак бўлса ўзидан бехабар ҳеч нарсага қизиқмайдиган ғайратсиз оммага айланиб қолмасин. Бу саводсизлик исканжаси қачон тугайди?
Давлат олий таълимида ҳар бир ўқитувчига 5 миллион сўмлик йиллик солиқ жорий қилинсин. Барибир ўқитувчи шу маблағни «тижоратлаштириш», скопус, халқаро инвестицияларга сарф қиляпти. Нима қиламиз ўзимизни алдаб? Бирваракайига шу солиқни йиғиб олинглар ва ўқитувчини тинч қўйинглар.
Гапнинг пўст калласини айтадиган янги вазирга мана шундай конкрет таклифлар беришни лозим топдик. Бундай мурожаатлар рукни ҳали давом этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг