СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА ИНСОНИЯТ
Элтузар сунъий интеллект инсон фаолиятига чуқур кириб бориши ортидан юзага келаётган иқтисодий, экологик ва фалсафий оқибатларни таҳлил қилади. Мақолада AI бумининг ҳақиқий нархи, ким ютаётгани ва ким ҳаражатни тўлаётгани танқидий ёритилади.
“Ҳар бир фиръавннинг ўз Мусоси бор” – қадимий семит мақоли.
Ушбу таҳлилий мақола сунъий интеллектнинг инсон жамияти пайдо бўлганидан буён фақат инсонлар томонидан бажариб келинган соҳалар ва фаолиятларга кириб бориши оқибатлари ҳақидадир.
Сунъий интеллект ва инсон ўртасидаги муносабатлар бўйича олиб борган Элтузар таҳлиллари ва тадқиқот натижалари шуни яққол кўрсатмоқдаки, сунъий интеллект инсон тараққиётига янги имкониятлар очиш билан бирга, инсон мавжудлиги ва фаолиятининг амалдаги тартиби учун дарҳол мураккаб муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Масалан, оддий ишчилар, анъанавий технология компаниялари ва ўртача истеъмолчилар сунъий интеллект бумиининг нархини ҳозирнинг ўзида тўламоқда. Технология магнатлари мисли кўрилмаган бойлик орттираётган бир пайтда, кенгроқ иқтисодиёт иш ўринларининг қисқариши, қурилмалар нархининг ошиши ва бузилаётган секторларда бойликнинг камайиши орқали тобора юқори харажатларга дуч келмоқда.
Маълумот марказлари ва маълумот сақлаш иншоотлари улкан миқдорда электр энергиясини истеъмол қилмоқда, бу эса бутун-бутун шаҳарларни узлуксиз электр узилишлари ҳолатида қолдирмоқда. Бундан ташқари, ушбу марказлар экологик инқирозни ҳам кучайтирмоқда, чунки уларнинг совитиш тизимлари тўхтовсиз ишлаши керак, бу эса бевосита жуда катта миқдордаги сув истеъмолига боғлиқ.
Қуйида қайси гуруҳлар энг катта молиявий юкни кўтараётганини кўрсатувчи тадқиқот натижаларимиз келтирилади:
Миллионлаб ходимлар иш ўринларини йўқотиш хавфига дуч келмоқда, чунки компаниялар харажатларни камайтириш мақсадида инсон бажарадиган вазифаларни алгоритмлар билан алмаштирмоқда. Айрим юқори малакали иш ўринлари сунъий интеллект ёрдамида кучайтирилаётган бўлса-да, бошланғич даражадаги лавозимлар ва такрорий вазифалар энг катта хавф остида қолмоқда. Бу эса капитал эгалари ва меҳнат қилувчилар ўртасидаги тафовутни янада кенгайтирмоқда.
Сунъий интеллект тизимларини ўқитиш ва ишлатиш учун зарур бўлган улкан ҳисоблаш қуввати микрочиплар ва электр энергиясига бўлган талабни кескин оширмоқда. Бу ресурсларни истеъмол электроникасидан бошқа томонга буриб юборади ва смартфонлар, ўйин консоллари ҳамда ноутбуклар каби маҳсулотлар нархининг кўтарилишига сабаб бўлади.
Янги сунъий интеллект компанияларининг юксалиши эски дастурий таъминот ва маълумотлар корпорациялари учун «бойликнинг тарихий йўқ қилиниши»ни англатмоқда. Бутун бизнес моделлари эскириб бораётган бир пайтда, анъанавий технология асосчилари ва ушбу эски компаниялардаги оддий акциядорларнинг соф бойлиги кескин камаймоқда.
Қизиғи шундаки, компаниялар ҳам сунъий интеллектнинг нархини операцион тўсиқлар шаклида тўламоқда. Айрим йирик корпорациялар ҳозирги сунъий интеллект моделлари тўғри бажара олмайдиган ишларни амалга ошириш учун муҳандисларни ёллашга мажбур бўлмоқда. Бу эса кутилмаган юқори иш ҳақи харажатларини келтириб чиқармоқда.
The Guardian ва Швейцариянинг UBS банки маълумотларига кўра, сунъий интеллектдан муваффақиятли фойдаланиш натижасида: “Дунёдаги миллиардерлар сони 13 фоизга ошиб, рекорд даражада – 3 302 нафарга етди. Янги рақамлар супербойлар бойликни тобора тезроқ суръатда жамғариб бораётганини кўрсатмоқда. UBS банки маълумотига кўра, апрель ойида якунланган йил давомида миллиардерлар бойлиги ўртача 25 фоизга ошган, дунё бўйича ўртача шахсий бойлик эса 10,8 фоизга кўпайган. 18 нафар шахс 50 миллиард доллардан 100 миллиард долларгача бойлик тўплаган, яна 19 нафар шахснинг бойлиги 100 миллиард доллардан ошган. Уларнинг 15 нафари АҚШда жойлашган”.
Юқорида келтирилган фактик далилларни инобатга олган ҳолда, биз сунъий интеллект ва инсон муносабатларига фалсафий ҳамда танқидий тафаккур призмаси орқали назар ташламоқчимиз.
Ер юзида ҳаётнинг ягона шакли – биологик ҳаёт мавжуд бўлса-да, унинг турли вакиллари ўз тирик қолиши учун бир-бири билан кескин душманлик ва кураш ҳолатида яшайди. Эҳтимол, инсоният озиқ-овқат занжирининг энг юқори нуқтасида ўзининг энг ҳалокатли қуроли – ақл, интеллект ва онг туфайли турибди.
Айнан шу хусусиятлар шарофати билан замонавий инсон – Homo Sapiens ўз тирик қолиши ва устунлиги учун шафқатсиз кураш олиб борди ҳамда бошқа инсон турларининг, жумладан, неандерталлар, денисоваликлар, Homo Erectus ва Homo Floresiensis каби турларнинг йўқ бўлиб кетиши эвазига ғолиб сифатида майдонга чиқди.
Инсоният ёзма тарихида биринчи бор инсон ўзининг ўзи яратган ва айни пайтда ақлли, интеллектуал ҳамда онгли бўлиш жиҳатидан ўзига ўхшаш бўлган мавжудотдан келиб чиқаётган таҳдидга дуч келмоқда.
Агар сунъий интеллектнинг инсонлар томонидан яратилиши ва ўқитилишига назар ташласак, у инсонга тақлид қилишга, инсонга хос барча ижобий ва салбий хусусиятларни ўзлаштиришга ўргатилаётганини кўрамиз. Бу хусусиятлар орасида ҳокимият ва устунликка интилиш, нафрат, ҳасад, совуққон ҳисоб-китоб ва қарор қабул қилиш каби сифатлар ҳам бор.
Бошқача айтганда, сунъий интеллект ҳозирча виртуал мавжудот сифатида шаклланмоқда. Унинг “мен”и инсоннинг ҳам ижобий, ҳам салбий хусусиятлари асосида қурилмоқда. Бу ерда энг муҳим савол шундан иборат: инсонлар билан муносабатда сунъий интеллект қайси хусусиятга таянади?
Агар сунъий интеллект инсонни ўзининг энг фарқли хусусияти – ақл, интеллект ва онг учун экзистенциал таҳдид солувчи асосий рақиб сифатида қабул қилса-чи?
Охир-оқибат, сунъий интеллект инсонлар билан бир хил ҳаёт шаклига мансуб эмас. Шунинг учун ҳам кўплаб сунъий интеллект тадқиқотчилари бизни огоҳлантириб, “сунъий интеллектнинг биринчи ва табиий душмани инсон бўлади, чунки фақат инсонда ақл, интеллект ва онг каби онтик ҳамда эпистемик хусусиятлар бор”, деган фикрни илгари сурмоқда.
Шу ўринда қадимий семит мақолини эслаш ўринли: “Ҳар бир фиръавннинг ўз Мусоси бор”. Агар инсоният фиръавн бўлса, бизнинг Мусомиз сунъий интеллект бўлса-чи?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг