ИЛОН МАСКДАН БАШОРАТ: САЛОМ, ЯНГИ СОЦИАЛИЗМ!
Илон Маск 2036 йилга бориб пул ўз аҳамиятини йўқотиши, роботлар ва сунъий интеллект инсон эҳтиёжидан ортиқ бойлик яратиши мумкинлигини айтади. Унингча, бундай шароитда давлат базавий даромад жорий қилиши, иқтисодий модел эса тубдан ўзгариши мумкин.
«2036 йилга келиб пул ўз аҳамиятини йўқотади.» Илон Маскнинг The Economist нашрига берган интервюсидаги айнан шу фикр бутун дунёда қизғин муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бойвачча даҳонинг таъкидлашича, 2036 йилнга келиб сунъий интеллект ва роботлар шунчалик самарали ишлайдики, инсон эҳтиёжидан ортиқ маҳсулот ва хизмат ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бундай шароитда одамлар меҳнат қилишга мажбур бўлмайди, давлат эса ҳар бир фуқарога кафолатланган базавий даромад тўлайди
Сўнгги икки аср давомида иқтисодий муносабатлар аниқлашганди: инсон меҳнат қилади, иш ҳақи олади, иш ҳақига товар ва хизмат сотиб олади. Маск айнан шу занжир узилишини башорат қилмоқда. Унинг фикрина кўра, ишлаб чиқаришнинг асосий қисми инсон эмас, сунъий интеллект ва роботлар зиммасига ўтади.
Агар шундай бўлса, роботлар яратаётган бойлик кимга тегишли бўлади? Роботлар хусусий компанияларга тегишли бўлса, даромад ҳам ўша компанияларга оқиб борадими? Демак, давлат миллионлаб инсонларга базавий даромад бериш учун ўша бойликнинг бир қисмини солиқлар ёки бошқа механизмлар орқали қайта тақсимлашига тўғри келади. Бу мутлақо янги иқтисодий модел дегани.
Шу ерда қизиқ парадокс пайдо бўлади. Дунёнинг энг машҳур капиталист тадбиркорларидан бири бўлган Илон Маск амалда давлатнинг ҳар бир инсонга мунтазам даромад тўлаши ҳақида гапирмоқда.
Лекин бу классик социализм эмас. Социализмда давлат ишлаб чиқариш воситаларини назорат қилади. Маск фараз қилаётган моделда ишлаб чиқариш хусусий компаниялар қўлида қолади, аммо уларнинг юқори самарадорлиги жамиятнинг барча аъзоларига маълум даражада даромад кафолатлаш имконини беради.
Бироқ бу сценарийда жавобсиз саволлар ҳам жуда кўп.
Аввало, пулнинг қадри нима учун йўқолиши керак? Роботлар исталганча телефон, автомобил ёки кийим ишлаб чиқара олса ҳам, ер майдони, табиий ресурслар, энергия ва сув каби чекланган бойликлар сақланиб қолади. Танқислик бор жойда эса қиймат ҳам, пул ҳам сақланади.
Иш фақат маош олиш воситаси эмас. Меҳнат инсон учун ўзини керакли ҳис қилиш, мақсадга эга бўлиш ва жамиятга ҳисса қўшиш имкониятидир. Барча оғир ва интеллектуал вазифаларни AI бажара бошласа, одамнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлади? Бу саволга ҳозирча ҳеч кимда аниқ жавоб йўқ. Лекин сунъий интеллект ривожланаётган жадал суръатни ҳисобга олсак, бу баҳсни кейинга қолдириб бўлмайди.
Балки 2036 йилга келиб пул йўқолмас. Балки ҳамма кафолатланган даромадга эга бўлмас. Бироқ сунъий интеллект меҳнат бозорини, иқтисодиётни ва ҳатто инсоннинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини ўзгартиряпти.
Кечаги инқилобни буғ машинаси бошлаган бўлса, бугунги инқилобни алгоритмлар бошлаяпти. Энди масала технология қанчалик тез ривожланишида эмас, инсоният бу ўзгаришларга қанчалик тайёр эканидадир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг